Ҳиндистондан Непалга 1,62 млрд долларлик ёрдам: маблағ сув тошқини оқибатларини бартараф этишга йўналтирилади
Табиий офат оқибатида тахминан 1 500 киши ҳалок бўлган, 5 200 киши бедарак йўқолган ёки ҳалок бўлган деб тахмин қилинмоқда.

Ҳиндистон ҳукумати август ойида сув тошқинидан жабр кўрган Непалга 1,62 млрд долларлик иқтисодий ёрдам пакети тақдим этиш режасини эълон қилди. Бу Ҳиндистоннинг энг йирик ёрдам ваъдаларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Непал бош вазири Балендра Шоҳ билан музокаралардан сўнг ёрдам жабрланган оилаларнинг ҳаётини тиклаш, янги имкониятлар яратиш ва мамлакатнинг келажакдаги табиий офатларга тайёргарлигини кучайтиришга қаратилишини билдирган.
Икки давлатнинг қўшма баёнотига кўра, пакет қайта қуриш ва янги инфратузилма лойиҳалари учун 377 млн долларлик грант ҳамда энергетика лойиҳаларига 1,24 млрд долларлик кредит линиясини ўз ичига олади.
25 август куни музликларнинг қулаши Лхенде Хола дарёсини тўсиб қўйиши оқибатида Непалда сел ва кучли сув тошқинлари юз берган. Табиий офат мамлакатнинг олти минтақаси ҳамда Хитойнинг Тибет автоном ҳудудида вайронгарчиликларга сабаб бўлган. Маълумотларга кўра, тахминан 1 500 киши ҳалок бўлган, 5 200 киши бедарак йўқолган ёки ҳалок бўлган деб тахмин қилинмоқда.
Непал ҳукумати мамлакатни тиклаш учун 4,78 млрд доллар зарурлигини баҳолаган. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 12 фоизига тенг. Фақат электр иншоотлари ва тармоқларини таъмирлаш учун 2,58 млрд доллар талаб этилади.
Ҳиндистон ушбу ёрдам орқали Хитой билан минтақадаги таъсир учун рақобатлашаётган Непал билан алоқаларини ҳам мустаҳкамлашга интилмоқда.








