Хитой Эронга ёрдам кўрсатмоқда
Хитой Теҳронга ҳарбий юк юбораётган бўлиши мумкин.

Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан сўнг, Хитойдан Теҳронга камида учта юк самолёти юборилган.
Биринчи самолёт 14 июнь куни Хитойнинг шимолидан ҳавога кўтарилган. Қолган икки борт эса кейинги икки кун ичида Хитойдан учиб чиқиб, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон орқали Эрон томонга йўл олган. Бироқ улар Эрон ҳаво ҳудудига яқинлашганда радар экранларидан ғойиб бўлган. Парвозлар Boeing 747 русумидаги юк самолётларида амалга оширилган — бу турдаги бортлар одатда ҳарбий техника ёки стратегик юклар ташишда ишлатилади.
Гарчи самолётлар ҳужжатда Люксембургга йўналтирилган сифатида кўрсатилган бўлсада, мутахассислар уларнинг Европага учиб бормаганини таъкидламоқда.
Экспертларнинг фикрича, бу ташувлар оддий юк операцияси бўлиши эҳтимолига қарамай, Хитой ва Эрон ўртасидаги стратегик алоқалар фонида жуда катта эътибор ва саволлар уйғотмоқда. Эхетер университети олими Андреа Гиселли бундай ёрдам Эрон режимининг қулашининг олдини олиш учун қилинган бўлиши мумкинлигини билдирди.
“Эрон режимининг беқарорлиги Хитойнинг минтақадаги иқтисодий ва энергетик манфаатларига жиддий зарар етказиши мумкин”, — деди Гиселли.
Эрон — Хитой учун нефтнинг муҳим етказиб берувчиси (кунига 2 миллион баррелгача). Шу сабабли, Пекиннинг бу можаро фонида Теҳронни қўллаб-қувватлаши стратегик жиҳатдан аҳамиятли ҳисобланади.
Хитой расмийси эса БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги фавқулодда йиғилишда Исроилни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди ва: “Бу минтақада ҳеч кимга янги ёнғин керак эмас,” — дея огоҳлантирди.







