Ҳусийлар Ар-Риёддаги молиявий марказга ҳужум қилди: 11 киши жароҳатланди
Жароҳатланганлар орасида хорижликлар ҳам бор.

Яманлик ҳусий исёнчиларининг Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги молиявий марказ биноларидан бирига уюштирган ҳужуми оқибатида 11 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Саудия Арабистони SPA ахборот агентлиги хабар берди.
Жароҳатланганлар орасида икки нафар Саудия Арабистони фуқароси, тўрт нафар мисрлик, икки нафар ҳиндистонлик ва уч нафар непаллик бор. Уларнинг соғлиғи ҳолати ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Arab News нашрининг ёзишича, Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Ар-Риёд молиявий туманидаги осмонўпар бинога қилинган ҳужумни террорчилик ҳаракати деб баҳолаган.
Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар 2014 йил сентябрида Яман пойтахти Сана шаҳрини эгаллаб олган. Шундан буён улар Яман ҳукумати назоратидаги ҳудудларга, шунингдек, Саудия Арабистонига ракета ва дронлар орқали мунтазам ҳужумлар уюштириб келади.
Аввалги ҳужумлардан бирида Ар-Риёддаги Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси бош қароргоҳи жойлашган осмонўпар бино ҳам зарар кўргани хабар қилинган.







