Ноқонуний “Умра” ташкилотчилари: фуқаролардан 9 минг 450 доллар олинган
Тошкент ва Самарқанд вилоятларида икки ноқонуний ҳолат аниқланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари Бекобод шаҳридаги туристик компания раҳбарининг ғайриқонуний фаолиятига чек қўйди.
Маълум бўлишича, у «Умра» сафарига юбориш ҳуқуқига эга бўлмай туриб, 3 нафар фуқародан Саудия Арабистонига жўнатиш учун 3450 АҚШ доллари олган пайтда далиллар билан бирга қўлга олинган. Ҳозир унинг устидан жиноят иши очилиб, тергов давом этмоқда.
Бошқа ҳолатда эса Самарқанд шаҳрида ишловчи, аммо тегишли лицензияси бўлмаган туристик компания раҳбари 4 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни «Умра» зиёратига жўнатиш учун 6000 АҚШ доллари олаётганда ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ушланган. Ҳозирча бу ҳолат бўйича терговгача текширув ўтказилмоқда.








