Суриядаги черковда худкуш террорчи ўзини портлатди
Портлаш оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди.

2025 йил 22 июнь куни Сурия пойтахти Дамашқда жойлашган Мар Элиас номли православ черковда худкуш террорчи ҳужуми содир этилди. Бу ҳақда SANA ва Reuters агентликлари хабар бермоқда.
Сурия Ички ишлар вазирлигининг расмий баёнотига кўра, ҳужумчи "ИШИД" террорчи гуруҳига алоқадор бўлган. У черковга кириб, аввал автоматдан ўт очган, сўнгра ўзини портлатган.
Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида тинч аҳолидан камида 9 киши ҳалок бўлган ва 13 киши яраланган. Аммо айрим маҳаллий манбалар қурбонлар сони 20 дан ошганини билдирган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса жароҳатланганлар сонини 53 деб кўрсатмоқда.
Маълумот учун, бу ҳужум Башар Асад режими ағдарилганидан кейинги даврда Дамашқда рўй берган илк худкуш теракти сифатида қайд этилмоқда. Ҳозирда воқеа жойида тергов ишлари давом этмоқда.







