ТУРКСОЙ бош котиби Тошкентдаги Ислом марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси марказида халқаро ҳамкорлик доирасида муҳим ҳужжат имзоланди.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизматининг маълум қилишича айни дамда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида Илмий кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Йиғилиш аввалида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби Султон Раев марказ раҳбари Фирдаус Абдухолиқов ҳамроҳлигида марказ биноси ва унинг халқаро ташкилотлар учун ажратилган махсус майдонлари билан танишди.
Айниқса, марказ мажмуасининг иккинчи қаватида жойлашган халқаро ҳамкорликка мўлжалланган махсус ҳудуд меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг, давом этаётган йиғилиш доирасида ТУРКСОЙ ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Илмий кенгаш аъзолари, ишчи гуруҳ раҳбарлари, халқаро мутахассислар ва лойиҳалар ижрочилари иштирок этаётган мажлисда марказ экспозициясини бойитиш, илмий-маърифий лойиҳаларни такомиллаштириш каби муҳим йўналишлар бўйича фикр алмашилмоқда.
Бу ҳамкорлик туркий ва исломий маданиятларнинг уйғунлашган тарихий меросини чуқурроқ тадқиқ қилишга хизмат қилади.







