Бразилияда собиқ президентга нисбатан суд чекловлари жорий қилинди
Жаир Болсонарога нисбатан уй қамоғи, электрон кузатув қурилмаси ва ижтимоий тармоқдан фойдаланмаслик каби чекловлар белгиланди.

Бразилия Олий суди мамлакат собиқ президенти Жаир Болсонару устидан олиб борилаётган тергов доирасида бир қатор қатъий чеклов чораларини белгилади. Энди у тунги вақтларда уй қамоғида бўлиши ва оёққа электрон кузатув қурилмасини тақиб юриши шарт.
Суд қарорига кўра, Болсонару ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслиги ва терговга жалб этилган шахслар, жумладан, ҳозирда АҚШда яшаётган ҳамда АҚШ президенти Дональд Трамп билан яқин алоқаларга эга бўлган ўғли — Бразилия қуйи палатаси депутати Эдуардо Болсонару билан алоқа қилмаслиги лозим.
Жаир Болсонару 2022 йилги президентлик сайловларидаги мағлубиятдан сўнг, давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айбланмоқда. Суд жараёни якуний босқичга етган ва агар у айбдор деб топилса, кўп йиллик озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Болсонару барча айбловларни рад этмоқда.
Мазкур иш фонида 17 июль куни Дональд Трамп Бразилиядан импорт қилинадиган маҳсулотларга 1 августдан 50 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. У бу қарорини Болсонару устидан олиб борилаётган тергов билан боғлаб, жараённи тўхтатишга чақирди.







