Истанбулда Россия – Украина тинчлик музокараларининг учинчи раунди якунланди
Музокаралар 40 дақиқа давом этди ва томонлар бир қатор гуманитар масалаларда келишувга эришди.

Истанбул шаҳрида Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокараларининг учинчи раунди бўлиб ўтди. Музокаралар 40 дақиқа давом этди ва рус тилида олиб борилди.
Томонлар нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳоли вакилларини ҳам алмашиш бўйича келишиб олди.
Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский музокаралар якунида қуйидаги асосий баёнотларни берди:
– Россия Украина томонига онлайн ишлайдиган учта ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф қилди. Украина бу таклифни кўриб чиқишга розилик билдирди.
– Музокараларда Россия ва Украина ўз меморандумларида кўрсатилган позицияларни муҳокама қилди. Ҳозирда бу позициялар ўртасида сезиларли тафовут мавжуд.
– Давлат раҳбарлари даражасидаги учрашувни ташкил этишдан олдин, у ерда қандай масалалар кўриб чиқилиши аниқ бўлиши керак. Президентлар учрашуви музокараларнинг якуний нуқтаси бўлиши кутилмоқда.
– Россия камида 1200 нафар украиналик ҳарбий асирни алмашишни таклиф этди.
– Ярадор ва ҳалок бўлган ҳарбийлар жасадларини йиғиб олиш учун 24 ёки 48 соатлик ўт очишни тўхтатиш режими таклиф қилинди.
– Украина тайёр бўлганидан сўнг, Россия 3 минг нафар ҳалок бўлган украиналик ҳарбийларнинг жасадини топширишга тайёрлигини билдирди.
– Курск вилоятидан эвакуация қилинган, аммо ҳали қайтмаган 30 нафар фуқаро масаласида Украина уларнинг мақомини аниқлаштириши керак. Россия уларни ҳарбий асирларга алмаштиришга тайёр.
– Россияга топширилган украиналик болалар рўйхати бўйича ишлар якунланган. Уларнинг кўпчилиги Россия ҳудудида бўлмаган.
– Иккинчи босқичда эришилган барча гуманитар келишувлар бажарилган.
– Россия томон музокараларнинг тўртинчи раунди ҳам ўтказилишига умид билдирди.







