Қорақалпоғистонда бир оиладан уч киши чўкиб кетгани айтилмоқда
Қидирув ишлари давомида икки жасад топилган.

Қорақалпоғистон Республикасининг Эллиққалъа туманида жойлашган Акчакул сув ҳавзасида фожиали ҳодиса юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, бир оиладан уч нафар фуқаро чўкиб кетган. Бу ҳақда Kar24.uz хабар берган.
Фавқулодда ҳолатлар хизматига келиб тушган хабарга асосан, ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган. Натижада ҳозиргача икки кишининг жасади топилган, учинчи шахсни излаш ишлари эса давом этмоқда.
Чўкиб кетган фуқаролар Беруний туманида яшаганлиги маълум қилинди. Ҳодисанинг сабаблари ва бошқа тафсилотлари ҳозирда махсус комиссия томонидан ўрганилмоқда.
Мутасаддилар аҳолига сув ҳавзаларида эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишни эслатиб ўтмоқда. Сувда чўкиш билан боғлиқ ҳодисалар ёз ойларида кескин ортади, бу эса хавфсизликка эътиборни кучайтиришни талаб қилади.







