Ҳудудларда 81 трлн сўмлик лойиҳалар амалга оширилади: 320 мингта иш ўрни яратилади
Ўзбекистонда 2030 йилгача кичик бизнеснинг бандликдаги улушини 80 фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичига оид тақдимот билан танишди. Унда бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар учун хизматларни кенгайтириш ва меҳнат бозорини такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Тақдимотда қайд этилишича, 2017 йилдан буён Ўзбекистонда 11 миллион нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Шу билан бирга, микро, кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётгани таъкидланган. Хусусан, мазкур сектор иқтисодиётда банд аҳолининг 75 фоизини қамраб олган бўлса-да, ялпи ички маҳсулотдаги улуши 55 фоизни ташкил этади. Микрокорхоналарнинг йирикроқ бизнес тоифасига ўтиш улуши эса атиги 4 фоиз бўлиб, бу халқаро мезонлардан қарийб тўрт баробар паст.
Шунингдек, ахборот технологиялари, логистика, молия ва суғурта каби юқори даромадли соҳаларда кичик бизнеснинг улуши 8 фоизни ташкил этаётгани қайд этилган.
Тақдимотда тадбиркорларни бизнесни бошлашдан тортиб, уни кенгайтириш ва экспортга йўналтиришгача бўлган барча босқичларда қўллаб-қувватлаш таклиф қилинди. Бунда кредит, кафолат, кафиллик, лизинг, факторинг, венчур молиялаштириш ва капиталга инвестиция киритиш каби молиявий воситалардан фойдаланиш кенгайтирилади.
Тадбиркорларга бизнесни бошқариш, замонавий технологияларни жорий этиш, инвесторларни жалб қилиш ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича ҳам кўмак бериш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, банклар ва молиявий технологиялар компаниялари ўртасида хавфсиз маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, кредитга лаёқатлиликни баҳолашнинг муқобил усулларини жорий этиш ҳамда тадбиркорларга битта ариза орқали бир нечта банкдан кредит таклифларини олиш имкониятини яратиш таклиф этилди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун республикадан маҳаллагача бўлган вертикал тизимни шакллантириш ҳам режалаштирилмоқда. Ҳудудларда бизнес-инкубаторлар ва лойиҳа офислари, туманларда эса микро, кичик ва ўрта бизнесга кўмаклашиш марказлари ташкил этилиши мумкин.
Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини баҳолашда ҳам янги мезонлар жорий этилади. Эндиликда улар ташкил этган корхоналарнинг барқарор ишлаши, яратилган иш ўринларининг доимийлиги ва тадбиркорлар товар айланмасининг ўсиши асосий кўрсаткичлар сифатида олинади.
Тақдимотда ҳудудларда умумий қиймати 81 триллион сўмлик 1 мингта лойиҳани амалга ошириш орқали 320 мингта иш ўрни яратиш режалари ҳам тақдим этилди. Шунингдек, маҳаллаларнинг ихтисослашуви асосида кооперацияни ривожлантириш, томорқа ва ижара ерларида юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш кўзда тутилган.
Таклиф этилаётган чора-тадбирлар натижасида 2030 йилгача микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг йирикроқ бизнес тоифасига ўтиш суръатларини икки баробар ошириш, ушбу секторнинг аҳоли бандлигидаги улушини 80 фоизга, ўрта синф улушини эса 90 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Шунингдек, тадбиркорлик кредитларида кафолат ва кафиллик асосида бериладиган кредитлар улушини 1 фоиздан 12 фоизга, халқаро молия институтлари маблағлари ҳамда бозордан жалб қилинадиган қарзлар улушини 17 фоиздан 35 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда бандлик хизматларини рақамлаштириш, касбий малакани баҳолаш ва халқаро сертификатлаш тизимини ривожлантириш, расмий иш ўринларини кўпайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Президент мутасаддиларга таклифларни пухта ишлаб чиқиш, ислоҳотларнинг янги босқичида вазирлик ва идораларнинг вазифалари ҳамда ўзаро ҳамкорлик механизмларини аниқ белгилаш бўйича топшириқлар берди.








