Тадбиркорлардан стартапчиларгача: ЎзЛиДеПP электоратни кенгайтирмоқчи
Партия электоратни кенгайтиришни жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини сиёсий майдонда ифода этиш билан изоҳлади.

ЎзЛиДеПнинг навбатдаги Конгрессига тайёргарлик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги партия кенгашлари конференциялари бўлиб ўтди.
Уларда партия электоратни кенгайтириш, жамиятнинг янги ижтимоий қатламлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Конференцияларда тадбиркорлар ва фермерлар билан бир қаторда, таълим, тиббиёт ва спорт соҳаси вакиллари, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар, стартапчилар, малакали мутахассислар, ёшлар ҳамда ишбилармон хотин-қизлар билан тизимли ишлаш зарурлиги таъкидланди.
Партия маълумотига кўра, бугунги кунда жамиятда янги иқтисодий ва ижтимоий қатламлар шаклланмоқда. Шу боис аҳолининг турли гуруҳлари манфаатларини ифода этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Таъкидланишича, электоратни кенгайтириш нафақат партия аъзолари сонини ошириш, балки жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини сиёсий майдонда ифода этишни ҳам англатади.
Конференцияларда билдирилган таклифлар партиянинг келгуси фаолиятида инобатга олинади.








