Электрон имзо хавфсизлиги бўйича Шерзод Кудбиевга расмий мурожаат йўлланди
Мурожаатда ЭРИ фақат рўйхатдан ўтган қурилмалар орқали ишлаши ва FaceID орқали аутентификация жорий этилиши таклиф қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зебо Мирзазиева томонидан Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев номига электрон рақамли имзо (ЭРИ) хавфсизлиги юзасидан депутатлик сўрови юборилди.
Сўровда қуйидаги ҳолатлар қайд этилган: — Аҳоли орасида ЭРИ воситасида давлат хизматларидан фойдаланиш кенгайиб бормоқда; — Бироқ молиявий ва рақамли саводхонликнинг пастлиги айрим фуқароларнинг фирибгарлик қурбонига айланишига сабаб бўлмоқда; — Баъзилар ЭРИ калитини учинчи шахсларга топшириб, уларнинг номидан қонуний ҳаракатлар амалга оширилишига имкон яратмоқда.
Депутат томонидан қуйидаги чора-тадбирлар таклиф этилди:
ЭРИ фақат рўйхатдан ўтган қурилмалар (компьютер ёки смартфон) орқали ишлаши;
Агар бошқа қурилмада фойдаланилса, FaceID орқали шахсни тасдиқлаш талаби жорий этилиши;
Ҳар қандай ҳолатда ЭРИ орқали тизимга кирилганда FaceID орқали аутентификация талаб қилинишини таъминлаш (худди банк карталаридаги каби).
Кудбиевдан ушбу таклифлар юзасидан 10 кун ичида асосли фикр ва расмий жавоб йўлланиши сўралган.







