Австрияда 14 ёшгача бўлган қизларга ҳижоб тақиқланиши мумкин
Янги тартиб ўқувчиларга психологик ёрдам ва ота-оналар билан суҳбатларни ҳам ўз ичига олади.

Австрия ҳукумати жорий йилнинг кузидан бошлаб 14 ёшгача бўлган ўқувчи қизлар учун мактабларда ҳижоб кийишни тақиқлаш бўйича қонуний ташаббусни илгари сурмоқда.
Бу ҳақда мамлакат Ёшлар, оила, Европа Иттифоқи ва интеграция вазири Клаудия Плакoлм АРА ахборот агентлигига берган изоҳида маълум қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, мазкур қарор диний эътиқод масаласидан кўра, ёш болалар учун “румолнинг ўрни йўқлиги” билан изоҳланмоқда. Шунингдек, у Ислом динида ҳам балогатга етмаган қизлар учун ҳижоб мажбурияти мавжуд эмаслигини қайд этди.
Плакoлмнинг маълум қилишича, қонуний тақиқ жорий этилиши билан бирга, ўқувчиларга психологик ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлса, ота-оналар билан суҳбат ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, мактаблар болалар ва ёшларни ҳимоя қилиш бўйича агентликларни ҳам жалб этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, июн ойи охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам жамоат жойларида юзни таниб олишга тўсқинлик қилувчи кийимларни, жумладан ҳижобни тақиқловчи қонунни имзолаган эди. Расмийлар бу чорани хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан изоҳлашган.







