ЎФА бир нечта клубларга нисбатан оғир интизомий чоралар қўллашни режалаштирмоқда
“Навбаҳор лочинлари” ва “Нефтчи” клубларига Суперлигадаги очколардан 3 очко олиб ташлаш таклиф этилган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича қўмита қарорларининг ижросини ўрганиш натижасида бир қатор профессионал футбол клубларининг молиявий мажбуриятларини ўз вақтида бажармаётганини аниқлади.
Мазкур таҳлил давомида “Навбаҳор лочинлари”, “Нефтчи”, “Андижон”, “Хоразм”, “Бухоро”, “Қумқўрғон-1977” ҳамда “ТерДУ” футбол клублари футболчилар ва бошқа клублар олдидаги қарздорликларини тўлиқ бартараф этмагани қайд этилган.
Хусусан, “Навбаҳор лочинлари” футболчилари Жамшид Искандеров, Иброҳим Йўлдошев, Диёржон Турапов, Одил Ҳамробеков, Аброр Исмоиилов, Шаҳзодбек Убайдуллаев ҳамда мураббий Муҳиддин Ортиқов олдидаги молиявий мажбуриятларни тўлиқ бажармаган. “Нефтчи” клуби эса футболчилар Азизбек Амонов, Манучеҳр Сафаров ва Шоҳруҳ Ғадоев олдидаги қарзларини тўламаган.
Шунингдек, “Андижон” клуби “Пахтакор” ва “Бунёдкор” жамоалари олдидаги машғулот компенсацияси ҳамда трансфер шартномалари бўйича қарздор бўлиб қолган. “Хоразм” ва “Бухоро” клублари ҳам “Пахтакор” олдидаги молиявий мажбуриятларини тўлиқ адо этмаган.
ЎФА маълумотига кўра, аввалроқ бу клубларга қарздорликларни бартараф этиш учун муайян муддат берилган, аммо белгиланган вақт ичида тўловлар тўлиқ амалга оширилмаган. Шу сабабли, Футболчилар мақоми ва трансфери бўйича регламентнинг 12-бис моддаси 6-банди асосида бу ҳолат такрорий интизомий бузилиш сифатида баҳоланмоқда.
Қарздорликларнинг давом этиши туфайли “Навбаҳор лочинлари” ва “Нефтчи” клубларига Суперлига мусобақасида тўпланган очколардан 3 очко олиб ташлаш, шунингдек, қишки трансфер ойнасида халқаро ва миллий даражада янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш тақиқини жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, “Андижон”, “Хоразм”, “Бухоро” ва “ТерДУ” клубларига ҳам трансфер чекловлари қўйилиши мумкин. “Қумқўрғон-1977” футбол клуби эса интизомий қоидабузарликлар ва молиявий мажбуриятларни бажармагани сабабли мусобақадан четлаштирилиш эҳтимоли бор.
Мазкур масалалар 2025 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тегишли қўмитасида муҳокама қилинади. Якуний қарор клубларнинг молиявий интизоми ва олдинги огоҳлантиришларга муносабатига қараб белгиланади.







