Яқин Шарқдаги кескинлик: АҚШ Саудия Арабистонидаги элчихона ходимларини олиб чиқмоқда
Шунга ўхшаш хавфсизлик чоралари Яқин Шарқдаги бошқа давлатларда ҳам кўрилмоқда.

АҚШ маъмурияти Яқин Шарқдаги хавфсизлик вазиятининг кескинлашуви фонида Саудия Арабистонидаги элчихонасининг айрим ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига мамлакатни тарк этиш ҳақида кўрсатма берди. Шунингдек, минтақадаги бошқа бир қатор давлатларда ҳам АҚШ дипломатик ваколатхоналари ходимлари таркибига вақтинчалик ўзгартиришлар киритилмоқда.
AFP агентлигининг дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, Ар-Риёддаги АҚШ элчихонасининг фавқулодда бўлмаган ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига Саудия Арабистонини тарк этиш буюрилган. Шунга ўхшаш кўрсатмалар Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания, Қатар ва Баҳрайндаги америкалик дипломатларнинг оила аъзоларига ҳам берилган.
Америкалик дипломатларнинг айримлари кўчиш харажатлари учун ажратилаётган молиявий ёрдам етарли эмаслигидан норозилик билдирган. Уларнинг айтишича, баъзи оилалар фарзандлари учун янги уй ва мактаб топишга улгурмасдан яна эвакуацияга тайёрланмоқда.
Америка Ташқи ишлар ассоциацияси вакили Никки Геймер ҳам вазият дипломатлар оилаларида хавотир ва норозиликни кучайтираётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, айрим оилалар аввалги эвакуациядан кейин эндигина жойлашишга улгурган.
Давлат департаменти вакили эса АҚШ томонидан ёлланган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига кунлик нафақа, уй-жой ҳамда таълим харажатлари учун ёрдам кўрсатилишини билдирган. Тўловлар миқдори мамлакатдаги жойлашувга қараб ҳукумат томонидан белгиланган меъёрларга мувофиқ ҳисобланади.
АҚШнинг ушбу чоралари Яман ҳусийларининг Саудия Арабистонига ҳужумлари ва минтақада Эрон билан боғлиқ кескинлик кучайиши ҳақидаги хавотирлар фонида амалга оширилмоқда. CNN маълумотларига кўра, Давлат департаменти Ливан, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Иорданияда ҳам дипломатик ваколатхоналар ходимлари сонига вақтинчалик ўзгартиришлар киритилишини тасдиқлаган.








