Россия, Украина ва АҚШ музокаралари қаерда ўтказилади? Икки манзил кўриб чиқилмоқда
АҚШ расмийсига кўра, уч томонлама музокаралар яқин икки ҳафта ичида ўтказилиши мумкин.

Россия, Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги навбатдаги музокаралар яқин икки ҳафта ичида Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби ёки Швейцарияда ўтказилиши мумкин. Учрашувдан кўзланган мақсад уч мамлакат раҳбарлари даражасидаги мулоқотни ташкил этишдан иборат. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Манбага кўра, музокараларнинг аниқ санаси ҳозирча белгиланмаган. Раҳбарлар даражасидаги учрашувни ташкил этиш учун ҳали муҳим масалаларни ҳал қилиш талаб этилади.
Украина президенти Владимир Зеленский ҳам 23 октябрь куни Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ноябрь ойининг биринчи ярмида Абу-Дабида техник даражадаги учрашув ўтказишга келишиб олганини маълум қилган. У уч мамлакат раҳбарлари ҳам учрашишига умид билдирган.
21 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербургда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашди. Музокараларда Украинадаги урушни ҳал қилиш масаласи муҳокама қилинган.
Учрашувдан сўнг Путин ёрдамчиси Юрий Ушаков Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг навбатдаги босқичи ноябрь ойида Абу-Дабида ўтказилиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Москва ноябрнинг биринчи ярмида музокаралар жараёнини қайта бошлашга тайёр.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Абу-Даби учрашув ўтказиш жойи сифатида кўриб чиқилаётганини билдирган. Ушаковнинг сўзларига кўра, Россия делегацияси таркибига президент ёрдамчиси Владимир Мединский ва ҳарбий қўмондонлик вакиллари кириши мумкин.
Путин эса АҚШ маъмурияти вакиллари билан учрашувларда Украина бўйича уч томонлама музокараларни қайта бошлаш масаласида келишувга эришилганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, муҳокамалардан бири тинчлик келишувлари имзолангандан сўнг Россия ва Украина хавфсизлигини таъминлаш масалаларига қаратилади.
Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг аввалги босқичлари 23–24 январь, 4–5 февраль ҳамда 17–18 февраль кунлари бўлиб ўтган. Навбатдаги учрашувни 5–8 март кунлари Абу-Дабида ўтказиш режалаштирилган, бироқ АҚШнинг Эронга қарши операцияси бошланганидан кейин у қолдирилган.
Дастлабки икки раундда Россия делегациясига Бош штаб Бош бошқармаси бошлиғи Игорь Костюков раҳбарлик қилган. Женевада ўтган учинчи босқичда эса делегацияни Владимир Мединский бошқарган.








