Эроннинг вазияти кескин минтақадаги стратегик легитимлиги, структуравий чидамлилиги ва тинчликка асосланган дипломатияси
Эрон миллий жипслик ва бирлик, ҳарбий кучларининг қудрати ва мустаҳкамлиги, олий раҳбарнинг донишмандона чоралари, ҳуқуқий легитимлик, иқтисодий чидамлилик ва охир-оқибат тинчликка асосланган фаол дипломатия каби олтита компонентга таянган ҳолда, кўп қутблиликка интилаётган тартибда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.

Тезкор геосиёсий ўзгаришлар шароитида Эрон Ислом Республикаси ўзининг энг мураккаб стратегик босқичларидан бирида турибди. Бу босқич иқтисодий ва хавфсизликка оид босимларни кучайтириш билан бирга, мамлакатнинг минтақавий ва халқаро ролини қайта белгилаш имкониятларини яратди. Эрон миллий жипслик ва бирлик, ҳарбий кучларининг қудрати ва мустаҳкамлиги, олий раҳбарнинг донишмандона чоралари, ҳуқуқий легитимлик, иқтисодий чидамлилик ва охир-оқибат тинчликка асосланган фаол дипломатия каби олтита компонентга таянган ҳолда, кўп қутблиликка интилаётган тартибда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда.
Эронга қарши мисли кўрилмаган даражадаги иқтисодий ва молиявий санкцияларда намоён бўлган АҚШнинг максимал босим сиёсати амалда очиқ-ойдин равишда муваффақиятсизликка учради. Албатта, кўп ҳолларда трансчегаравий ва ғайриинсоний характерга эга бўлган ҳамда аслида кўп томонлама механизмлар доирасидан ташқарида қўлланиладиган ва халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан ноқонуний бўлган бу санкциялар бошиданоқ маънавий ва ахлоқий мағлубиятга учраган эди.
Эрон Ислом Республикасининг аргументацияси ва ҳаракатлари ҳар доим миллий суверенитет, ривожланиш ҳуқуқи ва тинч мақсадлардаги технологиялардан фойдаланиш имконияти каби тамойилларга асосланган бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу тамойиллар халқаро ҳужжатларда тан олинган бўлиб, Қўшма Штатлар томонидан халқаро мезонларга зид равишда бир томонлама босим ўтказилиши Эроннинг тараққиётига тўсқинлик қила олмайди.
Кенг босимларга қарамай, иқтисодий маълумотлар шуни кўрсатадики, Эрон таркибий мослашиш босқичига кирган бўлиб, таҳдидларни имкониятларга айлантирди. Нефть бўлмаган товарлар экспорти йилига ўнлаб миллиард долларга кўпайди, савдо улуши, айниқса бошқа Осиё иқтисодиётлари билан ошди ва бюджетнинг нефтга боғлиқлиги ўтмишга нисбатан жиддий равишда камайди. Шунингдек, муқобил молиявий ва савдо йўлларининг яратилиши ташқи шоклар қаршисидаги заифликни камайтиришга қаратилган қаршилик кўрсатиш иқтисодиёти намунасини шакллантириш имконини берди. Санкциялар қимматга тушган ва иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатган бўлсада, Эроннинг иқтисодий ва сиёсий қулаши борасида кўрилган туш ҳозирги АҚШ президенти учун, худди аввалги президентлар учун бўлгани каби, ўнгидан келмайди.
Энергетика соҳасида Эрон асосий ўйинчилардан бири бўлиб қолмоқда. Глобал нефть ва газ захираларида сезиларли улушга эга бўлиш Эронни глобал энергия хавфсизлигининг устунларидан бирига айлантирган. Сўнгги даврлар воқеалари минтақадаги ҳар қандай беқарорлик тезлик билан глобал энергия бозорларига таъсир қилишини кўрсатди. Бу эса Эроннинг бозор барқарорлигини сақлашдаги ролининг муҳимлигини таъкидлайди.
Ижтимоий даражада, иқтисодий босим одамлар турмуш даражасига таъсир кўрсатган бўлсада, Эроннинг самарали бошқарув тузилмаси қўллаб-қувватловчи воситалар ёрдамида нисбий барқарорликни сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Буни эса таҳлилчилар Эроннинг институционал салоҳияти ва инқирозларни бошқариш қобилиятининг белгиси сифатида кўришади.
Аммо минтақавий даражада, Эроннинг стратегик таҳлилида ҳаммадан кўп ажралиб турадиган нарса тинчлик, барқарорлик ва жамоавий фаровонликка доимий урғу беришдир. Теҳрон барқарор хавфсизликка фақат минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик орқали ва ташқи аралашувсиз эришиш мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган. Шу контекстда Эрон инқирозларни ҳал қилиш учун сиёсий ечимлар, мулоқот ва жамоавий ҳамкорлик механизмларини қўллаб-қувватлади ва масъулиятли иштирокчи сифатида кескинликни камайтиришда ўз ролини ўйнашга ҳаракат қилди.
Шунинг баробарида, ушбу ёндашувга яқин таҳлилчилар нуқтаи назаридан, беқарорликнинг давом этишига сабаб бўладиган асосий омиллардан бири сионистик режимининг Фаластин, Ливан ва Сурия ҳудудларида ҳамда ундан ташқарида давом этаётган оккупацияси ва ҳарбий ҳаракатларидир. Сионистик режимининг ўз атрофидаги ҳудудларга такрорий тажовузлари, бунинг қаршисида эса самарали жавобгарликнинг йўқлиги нотинчлик циклининг кучайишига олиб келди. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар сиёсий элитасининг бир қисми томонидан бу ҳаракатларнинг сўзсиз қўллаб-қувватланиши кескинликнинг тарқалиши ва дипломатик каналларнинг заифлашишида муҳим омил сифатида қаралмоқда.
Бундай шароитда минтақадаги вазиятни таҳлил қилишдаги асосий масала халқаро ҳамжамиятнинг масъулияти ҳисобланади. Мамлакатлар, халқаро институтлар ва халқаро тизим халқаро ҳуқуққа асосланган масъулиятли ёндашув асосида сионистик режимининг тажовузкорлиги ва беқарорлаштирувчи ҳаракатларига қарши туриши керак. Ушбу режим томонидан халқаро ҳуқуқнинг бузилишига қарши самарали чораларнинг кўрилмаслиги минтақада ва ҳатто ундан ташқарида домино эффекти тарзидаги беқарорликнинг ёйилишига олиб келиши мумкин. Бу вазият нафақат битта мамлакатга, балки бутун халқаро тизимга ҳам зарар келтиради. Шу нуқтаи назардан, тинчликни тиклаш ва инқирозларнинг кучайишининг олдини олиш жамоавий, холис ва халқаро қоидаларга асосланган ҳаракатларни талаб қилади.
Яна бир стратегик жиҳат шундаки, тарих ҳарбий куч ва қудратнинг ўзи омон қолишни ва узоқ муддатли устунликни кафолатламаслигини кўрсатди. Агар шундай бўлганида эди, тарихдаги кўплаб буюк империялар ва давлатлар ҳали ҳам халқаро майдонда ҳал қилувчи ўринни эгаллаб турган бўлар эдилар. Ўтмишда катта ҳарбий кучга эга бўлган, аммо охир-оқибат завол топган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, легитимлик, ҳамкорлик ва халқаро миқёсда эътироф этилиш ҳокимиятни давом эттиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шунга кўра, АҚШнинг ҳуқуқий тамойиллар ва халқаро ҳамкорликни ҳисобга олмаган ҳолда, фақат қаттиқ кучга таяниши нафақат барқарорлик яратмайди, балки келажакда чуқурроқ беқарорликнинг вужудга келиши ва ҳатто анъанавий иттифоқчиларнинг қўллаб-қувватлашининг йўқолиши учун замин тайёрлаши мумкин.
Шу билан бирга, минтақанинг тарихий ўтмиши ҳам муҳимдир. Ушбу географик ҳудуд халқлари ўз тарихларининг каттагина қисмларида иқтисодий ва маданий ҳамкорлик доирасида ёнма-ён яшаб келишган. Савдо йўллари, маданий ришталар ва минтақавий ҳамкорлик нисбатан барқарор бўлган тинч-тотув яшашнинг асосини шакллантирди. Ҳурмуз бўғози каби муҳим ўтиш йўллари ҳам ўнлаб йиллар давомида глобал савдонинг гуллаб-яшнашида муҳим роль ўйнаб, ҳар доим Эроннинг вазминлиги ва масъулиятлилиги туфайли барча мамлакатлар учун иқтисодий артерия вазифасини ўтаб келди.
Макро даражада Эрон стратегиясини «фаол қаршилик кўрсатиш» ва «конструктив ҳамкорлик»нинг комбинацияси деб ҳисоблаш мумкин. Шу маънодаки, ўз ҳақ-ҳуқуқи ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш билан бирга, муаммоларни ҳал қилиш учун мулоқот ва ҳамкорлик йўлини очиқ сақлаган. Ўтмишдаги дипломатик тажрибалар шуни кўрсатадики, Эрон ўзаро ҳурмат ва мувозанатли манфаатларга асосланган доирада барқарор келишувларга эришишга тайёр.
Ниҳоят, Эрон бугунги кунда куч-қудрат, ҳамжиҳатлик, бирлик, донишмандлик ва етакчилик нуқтаи назаридан муҳим мавқега эга бўлиб, ўзининг миллий манфаатларини ҳамда минтақа халқлари ва давлатларининг ўзаро манфаатларини таъминлашга интилади. Ушбу контекстда бир вақтнинг ўзида миллий манфаатларни олдинга суришга ҳамда минтақавий тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга интилишнинг қонунийлигини таъкидлаш сиёсат юритишнинг асосий йўналишини ташкил этади. Ушбу қарашга кўра, минтақанинг келажагини қарама-қаршилик ва бир томонламалик асосида эмас, балки ҳамкорлик, жамоавий масъулият ҳамда халқларнинг тарихий тинч-тотув яшаш мантиғига қайтиш асосида белгилаш мумкин.
Муҳаммадали Искандарий, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси








