Жаҳон

АҚШ ва Исроил Эронга собиқ президентни раҳбар қилмоқчи бўлган — NYT

Исроил урушнинг биринчи кунида Теҳронда уй қамоғидаги Маҳмуд Аҳмадинажодни озод қилиш мақсадида унинг қароргоҳига зарба берган.

АҚШ ва Исроил Эронга собиқ президентни раҳбар қилмоқчи бўлган — NYT

The New York Times нашри америкалик мулозимларга таяниб хабар беришича, АҚШ ва Исроил Эрон билан уруш бошланган пайтда мамлакатда режимни ўзгартириш ҳамда собиқ президент Маҳмуд Аҳмадинажодни ҳокимиятга олиб келиш сценарийсини муҳокама қилган.

 

Нашр манбаларига кўра, Исроил урушнинг биринчи кунида Теҳронда уй қамоғида сақланаётган Аҳмадинажодни озод қилиш мақсадида унинг қароргоҳига зарба берган. Ҳужум вақтида собиқ президент омон қолган, бироқ жароҳат олган. 

 

Манбаларнинг таъкидлашича, ушбу воқеадан кейин у режим алмашинуви режасидан кўнгли совиган.

 

NYT маълумотларига кўра, ўшандан буён Аҳмадинажод жамоатчилик олдида кўриниш бермаган ва унинг ҳозирги аҳволи номаълумлигича қолмоқда. Собиқ президентга яқин манбалар ҳам унинг қароргоҳига қилинган ҳужум озод қилиш операцияси бўлганини тасдиқлаган.

 

Шу куни Исроил томонидан Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг Теҳрон марказидаги қароргоҳига ҳам зарба берилган. Ҳужум оқибатида Хоманаий ва бир қатор юқори мартабали амалдорлар ҳалок бўлган.

 

Газета бу операцияни Исроилнинг Эрондаги теократик тузумни ағдаришга қаратилган кўп босқичли режасининг бир қисми сифатида баҳолаган. Манбаларга кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳамда Исроил бош вазири Бенжамин Нетаняҳу раҳбарият алмашинувига оид хавфли сценарийни қўллаб-қувватлаган. Айрим америкалик мулозимлар эса Аҳмадинажоднинг ҳокимиятга қайтиш имкониятига шубҳа билан қараган.

 

Нашрнинг қайд этишича, Аҳмадинажодни қандай механизм орқали ҳокимиятга олиб келиш режалаштирилгани, шунингдек, унинг жароҳатланишига сабаб бўлган ҳаво зарбасининг аниқ тафсилотлари очиқланмаган.

 

NYT маълумотларига кўра, ҳужум Аҳмадинажод уйига катта зарар етказмаган, аммо кириш қисмидаги қўриқлаш пости вайрон қилинган. Натижада уни қўриқлаётган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг бир неча аъзоси ҳалок бўлган.

 

Маҳмоуд Аҳмадинажод 2005–2013 йилларда Эрон президенти лавозимида ишлаган. У президентлик даврида Эрон ядровий дастурини қўллаб-қувватлаган ва АҚШ ҳамда Исроилни кескин танқид қилиб келган. Кейинги йилларда эса у Эрон раҳбариятини коррупция ва самарасиз бошқарувда айблаб чиққан.

 

Собиқ президент 2017, 2021 ва 2024 йилларда президентлик сайловларида иштирок этишга уринган, аммо унинг номзоди расмийлар томонидан рад этилган. NYT таъкидлашича, Аҳмадинажод очиқ мухолифат вакили бўлмаганига қарамай, Эрон ҳукумати уни потенциал беқарорлаштирувчи сиёсий фигура сифатида баҳолай бошлаган.

 

Нашр шунингдек, Аҳмадинажод атрофидаги айрим шахслар Ғарб давлатлари билан яқин алоқаларда бўлиш ёки Исроил фойдасига жосуслик қилишда айбланганини ёзган. Унинг сўнгги йилларда хорижга бир неча бор ташриф буюргани ҳам турли тахминларга сабаб бўлган. Хусусан, у 2023 йилда Гуатемалага, 2024 ва 2025 йилларда эса Венгрияга борган. NYT қайдича, мазкур давлатлар Исроил билан яқин муносабатларга эга.

custom img

Тўқаев янги президентлик муддатига сайланиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди

Қозоғистон янги Конституцияси амалдаги президентга яна бир бор президентлик сайловида қатнашиш имконини берди.

custom img

Украина Россиядаги Ozon омборига зарба берди

Россия Мудофаа вазирлиги бир кеча давомида 457 та Украина дрони уриб туширилганини билдирди.

custom img

Қозоғистонда мамлакат тарихидаги илк Қурултой учун сайлов бошланди

Сайловда жами 12 605 788 нафар фуқаро иштирок этиши кутилмоқда.

custom img

Эрон Ироқ нефть танкерларининг бир қисмига Ҳормуз бўғозидан ўтишга рухсат берди

Бағдод бу масалани Эрон расмийлари билан муҳокама қилган.

custom img

Хитой роботи 100 метрга югуриш бўйича инсон рекордини янгилади

Ҳонор компанияси томонидан ишлаб чиқилган “Яшин” номли гуманоид робот 100 метр масофани 9,32 сонияда босиб ўтган.

custom img

Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли АҚШ виза чеклови бекор қилинди

Суд Трамп маъмуриятининг 75 давлат фуқароларига иммиграцион визалар беришни тўхтатиш сиёсатини ноқонуний деб топди.

custom img

Нетаняху Эрдоғанни кескин танқид қилди

Исроил Туркиянинг Нетаняхуни халқаро қидирувга бериш ҳақидаги талабига жавоб берди.

custom img

Россиянинг “Яблоко” партияси парламент сайловларидан четлатилди

Партия вакиллари сайловдан четлатилиш ортида сиёсий сабаблар турганини билдирган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"