Дунёда 2008 йилги иқтисодий инқироз такрорланиши мумкин
АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик энергия бозорига бевосита таъсир қилмоқда.

Блоомберг нашрининг манбаларга таяниб хабар беришича, консалтинг компанияси Rapidan таҳлилчилари глобал нефть бозори кескин беқарорлик шароитида 2008 йилги молиявий инқирозга ўхшаш хавфли сценарий юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Мутахассислар прогнозига кўра, асосий сув йўли июль ойи бошида қайта очилиши мумкин бўлсада, бу даврда глобал нефтга бўлган талаб кунига ўртача 2,6 миллион баррелга қисқариши эҳтимоли бор.
Шу шароитда Brent маркали нефть нархи ёз ойларида бир баррель учун 130 долларгача кўтарилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, агар таъминотдаги узилишлар августгача давом этса, учинчи чоракда глобал нефть танқислиги кунига 6 миллион баррелгача етиши эҳтимоли мавжуд. Бу эса бозорни узоқ муддатли босим остида қолдириши мумкин.
Мутахассислар, шунингдек, жорий геосиёсий кескинликлар — хусусан АҚШ, Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар — энергия бозорида инфляцион босимни кучайтираётганини таъкидламоқда.
Rapidan таҳлилчиларининг қайд этишича, ҳозирги макроиқтисодий вазият 1970 йиллар ёки 2007–2008 йиллардаги каби чуқур эмас, бироқ нефть нархларининг кескин ошиши глобал молиявий хавфларни сезиларли даражада кучайтириши мумкин.








