Жаҳон

Си Цзиньпин уйғурлар юртида ҳарбий база қурмоқда

Хитой Марказий Осиёга яқин ҳисобланган, уйғурлар яшайдиган ҳудудда янги ҳарбий база қурмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, Хитой бу базада ядро дастурини ҳимоя қилиш ва жавоб қайтариш тизимидан фаол фойдаланмоқчи. Мазкур база 6 йил давомида қурилган. Шунингдек, Хитойнинг Марказий Осиёдаги бир давлатда ҳам ҳарбий база қургани айтилади.

Си Цзиньпин уйғурлар юртида ҳарбий база қурмоқда

Хитой Халқ Республикаси мусулмонлар яшайдиган Шинжон провинциясидаги чўл ўртасида йирик ҳарбий база қурмоқда. Reuters агентлиги ёзишича, Хитойнинг ушбу ҳарбий базаси АҚШ томонидан эҳтимолий биринчи ядровий зарба берилган тақдирда ҳам Пекиннинг жавоб ҳужуми уюштириш имкониятини сақлаб қолишга қаратилган.

 

 

 

 

Маълумотларга кўра, Хитой томонидан ишлаб чиқарилган қитъалараро баллистик ракеталар АҚШнинг исталган ҳудудига етиб бора олади. Reuters томонидан ўрганилган сунъий йўлдош тасвирлари Пекин узоқ масофали ядровий ракеталар жойлаштирилган шахталар атрофида учириш майдончалари, бункерлар ва алоқа марказларидан иборат кенг кўламли тармоқ қураётганини кўрсатмоқда.

 

Шинжондаги янги Хитой мудофаа тармоғи

 

Хитой мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Шинжон-Уйғур автоном районида, Ҳами ядровий ракета майдони яқинида 80 дан ортиқ учириш майдончаси ва учта саккизбурчак шаклидаги ҳарбий объектни барпо этган.

 

Тасвирларда Хитойнинг кенгайиб бораётган мобил ракета мажмуалари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун мўлжалланган 80 дан ортиқ бетон майдончалар кўринади. Шунингдек, айрим объектлар радиоэлектрон кураш, сунъий йўлдош алоқаси ва қўмондонлик операцияларини амалга ошириш учун хизмат қилиши мумкин.

 

Reuters билан ишлаган уч нафар хавфсизлик таҳлилчисининг фикрича, аввал хабар қилинмаган ушбу қурилишлар Хитойнинг қуруқликдаги ядровий кучларини ҳимоя қилиш ва бошқаришга мўлжалланган мустаҳкам инфратузилманинг кенгайтирилаётганидан далолат беради.

 

Уларнинг баҳолашича, мазкур тармоқ Пекиннинг "иккинчи зарба" салоҳиятини таъминлашга қаратилган. Бу эса Тайван атрофидаги кескинлик кучайиб бораётган бир вақтда АҚШ ва Хитой ўртасидаги ядровий рақобатнинг янги босқичга кираётганини кўрсатади.

 

Минглаб квадрат километрни қамраб олган лойиҳа

 

Гавайидаги Pacific Forum таҳлил маркази эксперти Александр Нейлнинг айтишича, янги инфратузилма ракета шахталаридан ташқарида минглаб квадрат километр чўл ҳудудини қамраб олган.

 

"Биз ракета шахталари ҳудудидан анча узоққа чўзилган, улкан миқёсдаги инфратузилма қурилаётганини кўряпмиз. Агар бу объектларнинг имкониятлари тасдиқланса, Хитойнинг стратегик ядровий тийиб туриш салоҳияти сезиларли даражада кучаяди", — дейди у.

 

Хитойнинг расмий сиёсати минимал, бироқ ишончли ядровий тийиб туриш тамойилига асосланади. Бу сиёсат мамлакат биринчи бўлиб ядровий қурол ишлатмаслигини, аммо ҳужумга учраган тақдирда жавоб бера олишини назарда тутади.

 

Халқ Озодлик Армияси ядровий қуролларни сувости кемалари ва ҳарбий самолётлар орқали ҳам қўллаш имкониятига эга. Шунга қарамай, Шинжон ва Гансу ҳудудларидаги ракета шахталари Хитой ядровий кучларининг асосий таянчи ҳисобланади.

 

Хитой ядровий дастури нега диққат марказида?

 

Таҳлилчиларнинг фикрича, Президент Си Цзиньпин бошчилигидаги ҳарбий модернизация дастурининг энг кўп кузатилаётган йўналишларидан бири айнан ядровий қуролланишдир.

 

Ғарб дипломатлари Пекинни ядровий салоҳияти ва режалари борасида етарлича очиқ бўлмасликда айблайди. АҚШнинг Хитой билан ушбу масалада мулоқот ўрнатишга қаратилган уринишлари эса сезиларли натижа бермаган.

 

Хитойнинг асосий тамойилларидан бири "биринчи бўлиб ядровий қурол ишлатмаслик" сиёсати ҳисобланади. Бироқ айрим ғарб дипломатлари ва экспертлари Пекин Тайван можароси юзага келган тақдирда ташқи кучларнинг аралашувини чеклаш мақсадида ядровий босим воситаларидан фойдаланиши мумкинлигини айтмоқда.

 

Жорий йилнинг май ойида Си Цзиньпин АҚШ президенти Доналд Трампни Тайван масаласидаги келишмовчиликлар нотўғри бошқарилса, икки давлат "хавфли нуқтага" келиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

 

Янги инфратузилманинг марказида Шарқий Шинжонда сўнгги олти йил давомида қурилган иккита саккизбурчак шаклидаги ҳарбий мажмуа жойлашган.

 

Улардан бири Ҳами ракета майдонидан тахминан 140 километр, иккинчиси эса 230 километр узоқликда жойлашган.

 

Сунъий йўлдош тасвирлари ушбу объектларда ҳарбий хизматчилар турар жойлари, йирик ҳарбий техника учун майдонлар, зирҳли бункерлар ва қурол омборлари мавжудлигини кўрсатади.

 

Бундан ташқари, объектлар аэродромлар ва темирйўл линиялари орқали Ҳами ракета шахталари билан боғланган.

 

Май ва апрель ойларида шимолий саккизбурчак объект атрофида йирик ҳарбий техника иштирокида машғулотлар ўтказилгани ҳам тасвирларда қайд этилган.

 

Шунингдек, чўл ичида ниқобланган учириш позициялари, катта чодирлар ва ҳаво мудофааси ракета тизимлари ҳам кўринади.

 

АҚШ: Хитой ядровий арсеналини тез кенгайтирмоқда

 

АҚШ расмийлари ва қуролларни назорат қилиш бўйича экспертлар Хитой ядровий салоҳиятини дунёдаги бошқа барча давлатларга қараганда тезроқ кенгайтираётганини таъкидламоқда.

 

Пентагоннинг сўнгги ҳисоботига кўра, Хитой 2030 йилга бориб 1000 та ядровий каллакка эга бўлиши мумкин.

 

Ҳисоботда айтилишича, мамлакатнинг учта асосий ракета майдонида тахминан 100 та қитъалараро баллистик ракета жойлаштирилган.

 

Шунингдек, Хитой Huoyan-1 сунъий йўлдошларига асосланган эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантирмоқда. Пентагон маълумотларига кўра, ушбу тизим учирилган қитъалараро ракетани 90 сония ичида аниқлаб, 3-4 дақиқа ичида қўмондонлик марказига хабар бера олади.

 

Бу эса Хитойга ракеталари зарба остида қолишидан олдин жавоб ҳужумини амалга ошириш имконини беради.

 

Хитойнинг хорижда ҳарбий база қуриши ҳақидаги хабарлар фақат бу эмас, 2024 йилда Британиянинг The Telegraph нашри Хитой Тожикистонда ҳарбий база қураётгани ҳақида сунъий йўлдош орқали суратлари туширилган таҳлилни эълон қилган эди.

 

Нашр маълумотларига кўра, Тожикистон тоғлари орасида 13 минг фут баландликда жойлашган ҳарбий объект кузатув миноралари ва икки мамлакат ҳарбийлари учун доимий равишда машғулот ўтаб туришлари учун йирик ҳарбий майдон мавжуд. Telegraph бу жойда ҳар икки давлатнинг ҳарбий аскарлари жойлашганини айтган.

 

The Jamestown Foundation'нинг ёзишича, Тожикистон ҳудудида Хитой ҳарбий базаси қурилиши фактини расман инкор этишда давом этмоқда, бироқ Хитой ҳақиқатдан ҳам бу мамлакатдаги ҳарбий иштирокини сезиларли даражада оширмоқда.

 

Хитой Тожикистонда аллақачон ҳарбий объектларга эга. Тахминан ўн йил олдин бу мамлакатда Ғарб коалициясининг Афғонистондаги ҳаракатларини кузатувчи  Хитой кузатувчи радиостанцияси пайдо бўлган эди. Бундан ташқари, Хитойнинг Тожикистоннинг нотинч ҳудуди ҳисобланган Тоғли Бадахшон вилоятида яна бир иншооти бор эди. Расмий равишда иккала объект ҳам Тожикистон ҳукумати назорати остида, лекин аслида улар Хитойга тегишли эканлиги айтилади.

 

2016 йилда Хитой ва Тожикистон ўртасида хавфсизлик шартномасини имзолаган. Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келгач, Тожикистонга таҳдид кучайган бўлиши мумкинлигига ҳам урғу берилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, Афғонистонда “Толибон” ҳукуматга келгач Тожикистон Хитойдан ҳарбий ёрдам сўраган.

 

 

custom img

Эрон билан можаро 2029 йилгача чўзилиши мумкин — WSJ

Mожаро 2029 йил январида АҚШнинг навбатдаги президенти лавозимига киришганидан кейин ҳам давом этиши мумкин.

custom img

Трамп ҳар бир катта ёшли америкаликка 5 минг доллардан беришни ваъда қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп Республикачилар партияси ноябрь ойидаги оралиқ сайловлардан сўнг Конгресс устидан назоратни сақлаб қолса, ҳар бир вояга етган АҚШ фуқаросига 5 минг доллардан дивиденд тўлашни ваъда қилди.

custom img

Трамп уч нафар яқин ёрдамчисига 45 минг доллардан Рождество совғаси берган

Ҳуқуқшунос бундай тўловлар федерал қонунчиликка зид бўлиши мумкинлигини айтди.

custom img

Apple iPhone 18 Pro ва 18 Pro Мах'ни тақдим этди

Янги моделларга 12 сентябрдан олдиндан буюртма бериш мумкин. Қурилмалар 18 сентябрдан сотувга чиқарилади.

custom img

Суриянинг Идлиб вилоятида қурол омбори портлади: 14 киши ҳалок бўлди

Расмийлар ҳодисага нима сабаб бўлганини ҳозирча маълум қилмади.

custom img

Яқин Шарқдаги кескинлик фонида Brent нефти нархи 100 долларга яқинлашди

Нефть нархининг ошишига АҚШ ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши сабаб бўлмоқда.

custom img

АҚШ Россия ва Украинани яраштиришга яна уринди

Bloomberg агентлигининг АҚШ ва Европадаги Россия-Украина уруши бўйича вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар беришича, Россия билан музокараларни қайта бошлашга қаратилган сўнгги дипломатик уринишлар ҳозирча натижа бермаган. Бу эса Россия-Украина уруши яқин вақт ичида тугаши бўйича аниқ белгилар йўқлигини кўрсатмоқда.

custom img

Трамп уч нафар яқин ёрдамчисига 45 минг доллардан Рождество совғаси берган

Ҳуқуқшунос бундай тўловлар федерал қонунчиликка зид бўлиши мумкинлигини айтди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"