Жаҳон

АҚШ Россия ва Украинани яраштиришга яна уринди

Bloomberg агентлигининг АҚШ ва Европадаги Россия-Украина уруши бўйича вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар беришича, Россия билан музокараларни қайта бошлашга қаратилган сўнгги дипломатик уринишлар ҳозирча натижа бермаган. Бу эса Россия-Украина уруши яқин вақт ичида тугаши бўйича аниқ белгилар йўқлигини кўрсатмоқда.

АҚШ Россия ва Украинани яраштиришга яна уринди

 

 

 

 



Россияга ташриф



АҚШ президентининг махсус вакиллари — унинг куёви Жаред Кушнер ва бизнесдаги ҳамкори Стив Уиткофф 5 сентябрь куни Россия-Украина урушига барҳам бериш ҳамда Россиянинг Эронга кўрсатаётган ҳарбий ёрдамини тўхтатиш масалаларини муҳокама қилиш учун Москвага борган.



Улар Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашган. Уч соат давом этган музокараларда турли масалалар муҳокама қилинган, бироқ Россия томонининг музокаралардаги позицияси сезиларли даражада ўзгармаган.



Европалик айрим амалдорлар Россия қиш мавсуми яқинлашиши билан Украинага қарши зарбаларни кучайтириши мумкинлигини билдирган. Уларнинг айтишича, энергетика ва иссиқлик таъминоти инфратузилмаси эҳтимолий нишонлар қаторида қолиши мумкин.



Bloomberg манбаларидан бирининг таъкидлашича, Россия келгуси олти ой давомида Украина энергетика тизимига босимни кучайтириши ҳамда Европа давлатларидаги гибрид фаолиятини ошириши мумкин. Бироқ бу маълумотлар агентлик билан суҳбатлашган манбаларнинг баҳоларига асосланган.



Манбаларга кўра, Путин келаси баҳорга қадар Россия музокараларда нисбатан кучлироқ позицияга эга бўлишини кутмоқда. Шу билан бирга, Россия иқтисодиётида юзага келаётган қийинчиликлар ҳам Кремль учун муҳим омил бўлиб қолмоқда.



Киевдаги музокаралар



АҚШ вакиллари 6 сентябрь куни Киевга келиб, Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган. Бу уларнинг Украинага илк расмий ташрифи бўлган.



Америка делегацияси Киевдаги учрашувни «руҳлантирувчи» деб баҳолаган. Бироқ урушни тугатиш бўйича кескин бурилиш ёки аниқ келишувга эришилмаган.



Дипломатик ҳаракатлар кучайганига қарамай, Москва ва Киев ўртасидаги келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Айниқса, ҳудудий ён беришлар масаласида томонларнинг қарашлари бир-биридан фарқ қилади. Кушнер бу масала мураккаб эканини тан олган ва АҚШ эҳтимолий келишувга эришиш учун «парда ортида» иш олиб бораётганини айтган.



Зеленский АҚШ вакиллари билан бир неча босқичда музокара ўтказган. Сўнгги учрашувда Буюк Британия, Франция ва Германия миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари ҳам иштирок этган.



Учрашувдан сўнг Зеленский ҳарбий ёрдам масаласи, жумладан, Patriot ракеталари ва бошқа қурол-яроғлар муҳокама қилинганини айтган. Украина президенти уруш қиш мавсумигача чўзилиши мумкинлигини билдириб, мамлакат яқин ойларда ушбу қуролларга эҳтиёж сезишини таъкидлаган. Зеленский АҚШ ва Европа ҳамкорларидан «йирик ҳажмда» ёрдам кутаётганини билдирган.



Украина Олий Радаси депутати Анна Скороходнинг айтишича, Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Украинага аввал таклиф қилинган вариантларга нисбатан бажарилиши қийинроқ бўлган тинчлик келишуви шартларини таклиф қилган.



«Биз шуни тушунишимиз керакки, аслида масала ҳатто Донбасс ва ҳудудларда ҳам эмас. Биз буни жуда яхши тушунамиз. Улар янада ёмонроқ шартларни олиб келишди. Агар аввал Конституцияга ўзгартиш киритиш ва ҳудудларни тан олиш талаб қилинмаган бўлса, ҳозир буни талаб қилишмоқда. У ерда яна бир қатор нозик жиҳатлар бор, аммо бу маълумот норасмий манбалардан олингани учун уларни ошкор қилишни истамайман», — деган Украина халқ депутати.



Европанинг ҳарбий ёрдами



Урушнинг давом этиши Украина учун ҳарбий ёрдамга, хусусан, ҳаво мудофааси тизимларига бўлган эҳтиёжни сақлаб қолиши мумкин. Bloomberg манбаларига кўра, Европа давлатлари Украинага қўшимча ҳаво мудофааси воситаларини етказиб бериш учун мавжуд ресурсларни сафарбар қилиши керак бўлади.



Буюк Британия сешанба куни Украинага 100 миллион фунт стерлинг миқдорида қўшимча ёрдам пакети ажратишини маълум қилди.



Германия мудофаа вазири Борис Писториус эса мамлакат ўз захираларидан Украинага Patriot ҳаво мудофааси тизимлари учун ракеталарни тезкор равишда етказиб беришини билдирди.

 

«Украинани қишга тайёрлаш энг юқори устувор вазифа ва бу биздан қатъий ҳамда зудлик билан ҳаракат қилишни талаб қилади», — деди Писториус.



Ҳозирча Россия ва Украина ўртасидаги музокараларни қайта тиклаш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Бироқ агентлик билан суҳбатлашган манбалар яқин ойлар ичида томонларнинг позициялари сезиларли даражада яқинлашишига оид аниқ белгилар мавжуд эмаслигини таъкидлаган.



Шундай музокаралар давом этаётган бир пайтда Россия 9 сентябрь куни тунда Киевнинг бир қатор ҳудудларига «Геран-4/5» дронлари орқали зарба бергани хабар қилинди.



Тунги зарбаларнинг асосий нишонлари Киев ва унинг атрофи, шунингдек, Николаев, Суми, Днепропетровск ва Полтава вилоятларидаги объектлар бўлгани хабар қилинмоқда.



Ҳозирча Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувига эришиш бўйича музокаралар давом этмоқда. Томонлар ўртасида келишмовчиликлар сақланиб қолаётгани сабабли урушнинг қачон тугаши номаълум.

Жанубий Кореяда имтиҳон можароси: таълим вазири истеъфога чиқди

Жанубий Кореяда имтиҳон можароси: таълим вазири истеъфога чиқди

Таълим вазири вазиятга олдиндан тайёргарлик кўрилмагани учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

АҚШ денгиз портлари хакерлар нишонида: киберҳужумлар сони кескин ошди

АҚШ денгиз портлари хакерлар нишонида: киберҳужумлар сони кескин ошди

Мутахассислар бундай ҳужумлар юк ташиш ва энергия ресурслари экспортига жиддий зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Ғарбий Соҳилда исроиллик кўчманчилар ҳужуми: 12 та автомобиль ёқиб юборилди

Ғарбий Соҳилда исроиллик кўчманчилар ҳужуми: 12 та автомобиль ёқиб юборилди

Босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги бир нечта Фаластин қишлоғида содир бўлган ҳужумлар Исроилда ҳам сиёсий баҳсларга сабаб бўлди.

Мексикада наркокартел раҳбарини қўлга олиш операцияси: 11 киши ҳалок бўлди

Мексикада наркокартел раҳбарини қўлга олиш операцияси: 11 киши ҳалок бўлди

АҚШ Меса Флоресни қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот ваъда қилган эди.

Ғазода озиқ-овқат тарқатаётган автомобилга Исроил дрони зарба берди: уч киши ҳалок бўлди

Ғазода озиқ-овқат тарқатаётган автомобилга Исроил дрони зарба берди: уч киши ҳалок бўлди

Автомобиль болаларга озиқ-овқат ва ичимлик тарқатиш учун тўхташга тайёрланаётган пайтда ракета билан урилгани айтилди.

Ҳормуз бўғозидаги ҳужумлар кучайди: Эрон иккита ракета учирувчи қурилмани намойиш этди

Ҳормуз бўғозидаги ҳужумлар кучайди: Эрон иккита ракета учирувчи қурилмани намойиш этди

Ракета қурилмаси намойиши АҚШнинг Эрон ракета дастурини йўқ қилгани ҳақидаги баёнотлари фонида амалга оширилди.

Ўйин саноатида рекорд: GTA VI илк кунидаёқ қарийб 4 миллиард доллар даромад келтирди

Ўйин саноатида рекорд: GTA VI илк кунидаёқ қарийб 4 миллиард доллар даромад келтирди

Бу кўрсаткич 2013 йилда чиқарилган GTA V’нинг дастлабки уч кунлик 1 миллиард долларлик натижасидан қарийб тўрт баравар юқори.

Европада антибиотикларга чидамли бактерия тарқалиши хавфи ошмоқда: ЖССТ огоҳлантирди

Европада антибиотикларга чидамли бактерия тарқалиши хавфи ошмоқда: ЖССТ огоҳлантирди

Klebsiella pneumoniae сабабли юзага келган қон инфекциялари 2019–2025 йилларда 72 фоизга ошди.