Спорт

Эрон терма жамоаси сардори: “Сиёсат сабаб ЖЧ кайфияти бузилди”

Эрон бош мураббийи Амир Ғаленоий тайёргарлик жараёнида юзага келган қийинчиликларга қарамай, жамоа турнирда муносиб иштирок этишига ишонч билдирди.

Эрон терма жамоаси сардори: “Сиёсат сабаб ЖЧ кайфияти бузилди”

 

Эрон терма жамоаси сардори Меҳди Тареми Жаҳон чемпионатида иштирок этиш кайфияти мамлакат атрофидаги мураккаб сиёсий вазият сабаб тўлиқ ҳис қилинмаётганини айтди.

 

Эроннинг турнирдаги иштироки АҚШ ва Исроилнинг феврал ойида амалга оширган ҳаво ҳужумларидан кейин шубҳа остида қолганди. Ҳатто АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон терма жамоасининг турнирга ташриф буюриши “ҳаёти ва хавфсизлиги” учун хавф туғдириши мумкинлигини билдирган эди.

 

Виза билан боғлиқ муаммоларни камайтириш мақсадида эронликлар машғулот базасини АҚШдан Мексиканинг Тихуана шаҳрига кўчиришга мажбур бўлган. Шунга қарамай, жамоанинг 11 нафар расмийсига АҚШ визаси берилмаган ва улар терма жамоа ўйинларида қатнаша олмаган.

 

Якшанба куни Лос-Анжелесга етиб келган Тареми аввалги Жаҳон чемпионатлари билан таққослаганда бу сафарги тажриба мутлақо бошқача бўлганини таъкидлаган.

 

“Бу фақат Эронга тааллуқли муаммо эмас. Бошқалар, жумладан ҳакамлар ҳам бундан зарар кўрди”, деган футболчи. У АҚШ томонидан сомалилик ҳакам Омар Артанга виза берилмаганини мисол сифатида келтирган. “Албатта, Жаҳон чемпионатига келган илк кунимиздан бошлаб тарангликни сездик. Аввалги турнирлардаги каби тинчлик ва қувонч муҳитини бу сафар ҳис қилмаяпмизАммо бу муаммолар фақат бизга тегишли эмас. Бир нечта мамлакатлар виза масалалари ва машғулот базаларини ўзгартиришга мажбур бўлди. Таранглик турнир бошланишидан олдин ҳам мавжуд эди”, деган Тареми.

 

Унинг фикрича, бундай вазият FIFА тарғиб қилаётган қадриятларга ҳам зид. “Бундай таранглик футбол олиб келиши керак бўлган кайфиятни камайтиради ва FIFА илгари сураётган тинчлик ғоясига путур етказади. Менимча, бу Жаҳон чемпионати бундан ҳам яхши муҳитда ўтиши мумкин эди. Келажакда эса қайси жамоани қўллаб-қувватлашидан қатъи назар, барча мухлислар учун шароит яхшироқ бўлишига умид қиламан”.

 

“Лос-Анжелесда эронлик муҳожирлар сони кўп бўлса-да, терма жамоа ҳукуматнинг давомчиси сифатида қабул қилинаётгани сабаб айрим норозиликларга ҳам дуч келмоқда. Жамоа шаҳарга етиб келганида меҳмонхона олдида намойишчилар тўпланган. Бунга жавобан Тареми эса футболчилар сиёсатдан узоқ эканини таъкидлаган. “Биз хориждаги ёки мамлакат ичидаги барча эронликлар учун ўйнаймиз. Ҳар бир мамлакатда турли қарашдаги одамлар бўлади. Биз футболчилар сифатида одамларни бирлаштириш учун шу ердамиз. Ҳар ким ўз фикрига эга бўлиш ҳуқуқига эга ва биз буни ҳурмат қиламиз. Бизнинг вазифамиз эронликларга қувонч улашиш. Сиёсат билан шуғулланмаймиз, бу ерга футбол ўйнаш учун келганмиз”, дея таъкидлаган у.

 

Эрон бош мураббийи Амир Ғаленоий ҳам турнирга тайёргарлик жараёни идеал бўлмаганини тан олган. “Футболда ҳаммаси режа ва стратегияга боғлиқ. Мусобақада муваффақиятли иштирок этиш учун пухта тайёргарлик зарур. Ҳа, машғулот базамиз икки марта ўзгарди. Аввал АҚШдаги базамиздан воз кечдик, кейин эса Мексикага кўчдик. Бу, албатта, таъсир кўрсатади. Мексика халқига миннатдорлик билдираман. Аммо эронликлар қийинчиликлардан имконият яратишга одатланган. Мен фақат халқимизга қувонч улашиш ҳақида ўйлайман, қолгани эса Худонинг қўлида. Ишонаманки, футболчиларимиз бор кучини ишга солади”, деган мураббий.

 

Эслатиб ўтамиз, 16 июн куни “G” гуруҳидан жой олган Эрон терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги илк учрашувини ўтказади. Унда Амир Ғалеоний шогирдлари Янги Зеландия терма жамоасига қарши майдонга тушади.

 

Абдужалилов Дониёр тайёрлади

custom img

Швеция Жаҳон чемпионатини йирик ғалаба билан бошлади

Швеция гуруҳ босқичидаги илк учрашувда Тунисни 5:1 ҳисобида мағлуб этди.

custom img

FIFА австралиялик ҳакамни қўл ишораси сабаб текширмоқда

Унинг трансляция вақтида намойиш этилган қўл ишораси оқ танлилар устунлигини тарғиб қилувчи рамз сифатида талқин қилинмоқда.

custom img

ЖЧ — 2026. Қатар Швейцариядан очко тортиб олди, Бразилияда дуранг, Шотландия ва Австралияда ғалаба

24 йиллик танаффусдан сўнг мундиалга чиққан Туркия мусобақани кутилмаган мағлубият билан бошлади.

custom img

Келажакда Жаҳон чемпионатида 64 та терма жамоа иштирок этиши мумкин

FIFА президенти Жанни Инфантино фикрига кўра, янги формат футболни янада кўпроқ мамлакатларга олиб киришга хизмат қилади.

custom img

АҚШ Парагвайни 4:1 ҳисобида мағлуб этди

АҚШ терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатини йирик ғалаба билан бошлади.

custom img

Хитойнинг Буюк Хитой деворида Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватлаш тадбири ўтказилди

Тадбирда нафақат ватандошлар, балки Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда бошқа мамлакатлар вакиллари ҳам қатнашиб, Ўзбекистон футболчиларига омад тилади.

custom img

Месси, Роналду ва Ямал: ЖЧ-2026 да рекордлар янгиланиши мумкин

ЖЧ-2026 да голлар ва иштирокчилар сони бўйича янги рекордлар кутилмоқда.

custom img

Ўзбекистон–Колумбия ўйини учун 74 мингдан ортиқ чипта сотилди

18 июн куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон–Колумбия баҳсига қизиқиш рекорд даражага етди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"