62 зарба ва бирорта гол йўқ: Туркия мундиалда анти-рекорд қайд этди
Туркия терма жамоасининг дастлабки икки ўйиндаги самарасизлиги Жаҳон чемпионати тарихида янги анти-рекорд сифатида қайд этилди.

Туркия терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида анти-рекорд қайд этди. Бу ҳақда Opta статистика портали маълумотларига таяниб хабар берилди.
Маълум қилинишича, турк футболчилари гуруҳ босқичидаги дастлабки икки учрашувда рақиб дарвозаси томон жами 62 марта зарба йўллаган бўлса-да, бирорта гол ура олмаган. Opta 1966 йилдан буён юритиб келаётган статистикага кўра, бу Жаҳон чемпионати тарихидаги икки ўйинлик давр учун энг ёмон натижа ҳисобланади.
Туркия терма жамоаси биринчи турда Австралияга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, иккинчи учрашувда Парагвайга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган. Шу тариқа жамоа гуруҳ босқичи якунланмасидан туриб плей-офф йўлланмаси учун курашдан чиқиб кетган.
Шунингдек, Opta маълумотларига кўра, Туркия ҳимоячиси Абдулкарим Бардакчи битта учрашувда 98 та аниқ узатма амалга ошириб, Жаҳон чемпионатида хатосиз узатмалар бўйича янги рекорд ўрнатган.
2026 йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлигида ўтказилмоқда. Мусобақа 11 июнда бошланган бўлиб, 19 июлга қадар давом этади. Амалдаги жаҳон чемпиони — Аргентина терма жамоаси.








