Мурунтов конида юк автосамосвали хизмат автомобилини босиб кетди, икки киши ҳалок бўлди
Махсус комиссия ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳолатларини ўрганмоқда.

Навоий кон-металлургия комбинатининг (НКМК) Мурунтов олтин конида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар ишчи-ходим ҳалок бўлди.
НКМК матбуот хизмати маълум қилишича, ҳодиса 2026 йил 21 июль куни соат 05:30 атрофида кон ҳудудида автосамосвал ва хизмат автомобили иштирокида содир бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида хизмат автомобилида бўлган икки нафар ишчи-ходим воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Шунингдек, ваколатли давлат назорат органлари томонидан махсус текширув тайинланиб, ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва содир бўлиш ҳолатлари ўрганилмоқда.
НКМК ахборотига кўра, бундай нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида корхонада қўшимча хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.








