Қирғизистонда ҳудудий бошқарув ўзгаради: вилоят ва туманлар тугатилади
Ҳукумат такрорий бошқарув органларини қисқартириш ва ҳудудларни бирлаштириш орқали маъмурий тизимни қайта ташкил этмоқчи.

Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи доирасида мавжуд вилоят ва туманларни тугатиб, улар ўрнига 20 дан ортиқ йирик маъмурий ҳудуд ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш давлат агентлиги директори маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ислоҳотдан мақсад такрорий бошқарув органларини қисқартириш ва маъмурий-ҳудудий бирликларни бирлаштириш орқали бошқарув тизимини соддалаштиришдан иборат.
Янги тизимда туманлардан каттароқ, аммо вилоятлардан кичикроқ ҳудудлар — округлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Натижада ҳозирги 40 дан ортиқ туман ўрнига 20 дан ортиқ округ фаолият юритиши мумкин.
Таъкидланишича, ҳудудларни бирлаштиришда уларнинг географик жойлашуви ва иқтисодий салоҳияти ҳисобга олинади. Масалан, Иссиқкўл вилоятини шимолий ва жанубий қисмларга ажратиш, Жалолобод ва Ўш вилоятларидаги айрим кичик туманларни йирикроқ маъмурий бирликларга бирлаштириш режалаштирилмоқда.
Қирғизистонда маъмурий-ҳудудий ислоҳот 2023 йилда бошланган эди. Унинг биринчи босқичида қишлоқ маъмурий бирликлари сони 452 тадан 231 тага қисқартирилди, шаҳарлар сони эса 32 тадан 33 тага ошди. Шунингдек, қўшни аҳоли пунктларини қўшиш орқали 14 та шаҳарнинг ҳудуди кенгайтирилди.
Ислоҳотнинг иккинчи босқичи мамлакатдаги ҳудудий бошқарув тизимини қайта ташкил этишни назарда тутади.








