Тиббиёт мутахассисларига 5,5 миллион сўмгача устама: янги тартиблар эълон қилинди
Тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланмоқда.

Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда малакали кадрлар тайёрлаш масаласига тўхталди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, замонавий клиникалар қуриш ва илғор ускуналар билан таъминлашнинг ўзи етарли эмас — бунинг учун малакали мутахассислар ҳам зарур.
Бугунги кунда мамлакатдаги 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг нафар шифокор тайёрланмоқда. Бироқ битирувчиларнинг барчаси ҳам иш бошлаган илк кунидан беморлар билан мустақил ишлашга тайёр эмас.
“Бошқа соҳада ёш ходим хато қилиши мумкин, аммо бўлғуси шифокорнинг бунга ҳаққи йўқ. Чунки тиббиёт ходимининг ҳар бир ҳаракати ортида инсон ҳаёти турибди”, — деди Президент.
Шу боис кадрлар тайёрлаш жараёни клиник амалиёт билан узвий боғланади. Келаси йилдан талабалар ҳафтасига уч кун беморлар билан ишлашни ўрганади, битирувчилар эса охирги ўқув йилини тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўташга бағишлайди.
Тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланмоқда. Бакалавриатни битирган ҳамшира ва тиббиёт олийгоҳларининг тегишли йўналишлари битирувчиларига 1,5 миллион сўм, магистратурани тугатганларга 2,5 миллион сўм қўшимча устама тўланади. Оилавий шифокорлик йўналишидаги тор соҳа мутахассислари учун устама 5,5 миллион сўмни ташкил этади.
Президент 2027 йилдан олийгоҳларда тор мутахассисликлар бўйича резидентура таълими бепул бўлишини маълум қилди. Талабаларга 3 миллион сўм стипендия тўланади.
Резидентурада ўқиш йўналишга қараб икки йилдан беш йилгача давом этади. Хусусан, оилавий шифокорлик бўйича таълим икки йил, жарроҳлик бўйича эса беш йил этиб белгиланади.
Шунингдек, олий таълим муассасаларига клиникалар бириктирилиб, “университет клиникаси” тизими жорий этилган. Эндиликда тиббиёт соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг 80 фоизи олийгоҳлар клиникаларида ўтказилиши керак.
Тадқиқотларда ташхис аниқлигини ошириш, даволаш самарадорлигини яхшилаш ва асоратларни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.








