Хорижда тажриба орттирган шифокорларга 50 млн сўмгача устама тўланади
Тиббиёт ходимларининг уй-жой шароитини яхшилаш учун 50 миллиард сўм ажратилади.

Давлат раҳбари шифокор меҳнатининг қадри ҳақида сўз юритар экан, маърифатпарвар аллома Абдурауф Фитратнинг “Инсонга хизмат қилган ҳар бир соҳа муқаддас, аммо инсон соғлиғига хизмат қилган соҳа – улуғроқдир” деган сўзларини эслади.
Тизимда камида 15 йил ишлаган тиббиёт ходимларининг ипотека кредити бир қисмини қоплаш учун 50 миллиард сўм ажратилди. Ушбу имконият орқали келаси йили 1 минг нафар тиббиёт ходими янги уйга кўчиб ўтади.
Ёш кадрларни ҳам қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили 500 нафар ёш тиббиёт ходимининг ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Келгуси йилдан олис ҳудудларда ишлайдиган барча шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси 2 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга оширилади. Бундай ҳудудларга ишга кирган шифокорларга 50 миллион сўм миқдорида бир марталик рағбат пули ҳам берилади.
Шунингдек, хорижий клиникаларда тажриба орттирган ватандош шифокорларни мамлакат шифохоналарига жалб этиш режалаштирилган.
“Биз уларни ўзимиздаги шифохоналарга олиб келиб, Янги Ўзбекистон тиббиётида ўз мактабини яратишига хизмат қиладиган янги тизимни йўлга қўямиз”, — деди Президент.
Бундай мутахассисларнинг ойлик иш ҳақига 50 миллион сўмгача устама тўланади, иш жойлари эса замонавий ускуналар билан жиҳозланади.
Уларга ўз атрофида кучли жамоа шакллантириш, бирга ишлайдиган шифокорлар, ассистентлар ва ҳамшираларни мустақил танлаш имконияти берилади. Бундан ташқари, нуфузли конференцияларда қатнашиш ҳамда хориждаги ҳамкасблари билан тажриба алмашиш харажатлари қопланади.
Мазкур ишлар 26 та ихтисослашган марказдан бошланади. Ҳар бир марказ директори келаси йили 5–10 нафардан ватандош шифокорни жалб этишга масъул бўлади.








