Ҳусийлар Саудия пойтахтига ҳужум қилди: Ар-Риёд аэропорти яқинида қора тутун кўтарилди
Ҳусийлар Саудия Арабистонидаги қатор нишонларга ракета ва дронлар билан зарба берганини билдирди.

Ямандаги ҳусийлар Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд ҳамда Қизил денгиз соҳилидаги энергетика объектларига ракета ва дронлар ёрдамида ҳужум уюштирганини билдирди. Ар-Риёд аэропорти яқинида ёқилғи сақланадиган сиғимлардан бири ёниб, ҳудуддан қора тутун кўтарилган.
Ҳусийларнинг ҳарбий вакили Яҳё ал-Сария ҳужумларда «кўп сонли баллистик ва қанотли ракеталар ҳамда дронлар» қўлланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Ар-Риёддаги муҳим объектлар ҳамда Янбу шаҳридаги Saudi Aramco компаниясига тегишли объектлар нишонга олинган.
Саудия Арабистони расмийлари ҳозирча ҳужум юзасидан изоҳ бермаган.
Воқеа олдидан Саудия Арабистони Фуқаро мудофааси Ар-Риёд ва бошқа ҳудудларда эҳтимолий хавф ҳақида аҳолига телефон орқали огоҳлантириш юборган. Шундан сўнг шаҳарда портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Қирол Холид халқаро аэропортида эса рейслар кечиктирилган ва бекор қилинган.
AFP мухбирининг хабар беришича, ўт ўчирувчилар Saudi Aramco компаниясига тегишли ёниб кетган ёқилғи сиғимидаги ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган.
Ҳусийлар ҳужумни Саудия Арабистонининг Яман пойтахти Сана шаҳрига уюштираётган зарбаларига жавоб сифатида амалга оширганини билдирган. Гуруҳ Саудия Арабистонини сўнгги бир ҳафта ичида Яман ҳудудига 300 та зарба беришда айблаган.
АFP'нинг Яман фуқаролар урушидаги икки томон манбаларига таяниб хабар беришича, шанба куни ҳусийлар ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган ҳукумат кучлари ўртасидаги жангларда 48 киши ҳалок бўлган. Ҳуcийлар 31 жангчисини, ҳукумат кучлари эса 17 нафар аскарини йўқотганини билдирган.
БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги жанглар оқибатида кўчишга мажбур бўлганлар сони 104 796 нафардан ошган.
Ҳусийлар Саудия Арабистони томонидан қўллаб-қувватланаётган Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати билан узоқ йиллардан бери қуролли тўқнашувда. Гуруҳ сўнгги ойлар давомида Саудия Арабистони ҳудудидаги нишонларга бир неча бор ҳужум қилган.








