Аичи-Нагоя-2026: Ўзбекистон делегацияси яна учта медални қўлга киритди
Ўзбекистонлик спортчилар Аичи-Нагоя-2026 Осиё ўйинларининг навбатдаги баҳсларида аралаш жанг санъати ва ушу йўналишларида учта кумуш медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистон делегацияси Аичи-Нагоя-2026 ХХ ёзги Осиё ўйинларида медаллар жамғаришни давом эттирмоқда. Аралаш жанг санъатининг модерн йўналишида -60 кг вазн тоифасида иштирок этган Фирдавс Атамурадов финалда тожикистонлик Мирзобек Умаровга имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди. Шу тариқа, у Осиё ўйинларини иккинчи ўринда якунлади. Аввалроқ Фирдавс ярим финалда қирғизистонлик Дастан Канибек Уулуни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, финал йўлланмасини қўлга киритганди.
Ушу бўйича кўргазмали чиқиш дастурида қатнашган Дарья Латишева эса 19,413 балл жамғариб, кумуш медалга сазовор бўлди. Бу спортчининг Осиё ўйинларидаги учинчи медали ҳисобланади.
Аралаш жанг санъатининг анъанавий йўналишида -60 кг вазн тоифасида қатнашган Ҳилола Собирова ҳам финалгача етиб бориб, кумуш медални қўлга киритди. У ҳал қилувчи баҳсда сингапурлик Ҳуи Хун Теога имкониятни бой берди ва мусобақани иккинчи ўринда якунлади.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси кечаги кун якунига кўра, Аичи-Нагоя-2026да 4 та медаль — 1 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза жамғарган эди. Ўзбекистоннинг дастлабки медалини каратэ бўйича -55 кг вазн тоифасида Ҳумоюнмирзо Ҳалимов қўлга киритган бўлса, -67 кг вазн тоифасида Абдулваҳоб Рашидов мамлакат делегациясига илк олтин медални тақдим этди. Аралаш жанг санъатининг модерн йўналишида -71 кг вазнда иштирок этган Нодирбек Шавкатов эса бронза медал соҳиби бўлди.








