Электр ва газ учун компенсация: 470 минг оилани қамраб олиш режалаштирилмоқда
Электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 октябрь куни куз-қиш мавсумида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича амалдаги қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, иситиш мавсумида газлашмаган ва газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий истеъмол меъёрини 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатгача ошириш таклифи маъқулланди.
Шунингдек, декабрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинди.
Ижтимоий реестрга кирмаган эҳтиёжманд оилаларнинг электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплашда қўлланиладиган даромад мезонини оиланинг ҳар бир аъзоси учун 1 миллион 430 минг сўмгача ошириш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Бу орқали қўллаб-қувватлаш қамрови яна 166 минг оилага кенгайтирилади.
Бундан ташқари, электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмол харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириш таклиф қилинди. Мазкур чора йилига 470 минг оилани қамраб олиши кутилмоқда.
Шароити оғир маҳаллалардаги 3 мингта хонадонни иссиқлик жиҳатидан ҳимоялаш ва энергия тежовчи ускуналар билан таъминлаш ишлари ҳам давом эттирилади.
Президент Ҳукуматга белгиланган ёрдам учун маблағларни ўз вақтида йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда манзиллиликни таъминлаш ҳамда ёрдамнинг ҳар бир оилага етиб боришини назорат қилишни топширди.
Шунингдек, энергия ресурсларини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи корхоналарни трансформация қилиш, бошқарув самарадорлигини ошириш, ортиқча харажатлар ҳамда тармоқлардаги йўқотишларни қисқартириш бўйича кўрсатмалар берилди.








