Туркияда икки қидирувдаги шахс ушланди: бири 9 йилдан бери қочиб юрган
Икки фуқаро белгиланган тартибда Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилди.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ўзбекистон томонидан халқаро қидирувга берилган икки нафар фуқаро қўлга олинди. Улардан бири 2017 йилдан буён босқинчиликда айбланиб қидирувда бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида аниқланган Ф.Ф.Н. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми билан айбланиб, 2017 йилдан бери қидирувда бўлган. Шу тариқа у қарийб тўққиз йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яшириниб юрган.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми — фирибгарлик билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган А.М.А. ҳам Истанбулда ушланди.
Икки фуқаро белгиланган тартибда Ўзбекистоннинг ваколатли органларига топширилди. Ҳозирда уларга нисбатан тегишли тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон ва Туркиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари халқаро қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда.








