Жиззахда 10 ёшли болага нисбатан жинсий зўравонлик: ҳолат юзасидан тергов бошланди
Ҳолатга алоқадорликда гумон қилинган шахс процессуал ҳаракатлардан сўнг ўз жонига қасд қилган.

Жиззах шаҳрида 2016 йилда туғилган вояга етмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳолати аниқланган.
2 октябрь куни жабрланувчи боланинг онаси аризаси асосида Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прократура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов Zamon.uz' га маълум қилди.
2026 йил 3 октябрь куни суд ажримига асосан айбланувчи Р .А. га нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида айбланувчи P. A.нинг жасади 4 октябрь куни ўзи яшаган хонадонда осилган ҳолатда топилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган болага нисбатан содир этилган жиноят билан боғлиқ ушбу ҳолатда жабрланувчининг шахсини ҳимоя қилиш мақсадида унинг шахсига оид маълумотлар, воқеа тафсилотлари ҳамда болани идентификация қилиш имконини берувчи бошқа маълумотлар ошкор этилмайди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, айни вақтда вояга етмаган бола хавфсиз жойда бўлиб, унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда руҳий ҳолатини барқарорлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
5 октябрь куни Жиззах шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан унга кейс очилиб, у бирламчи баҳолашдан ўтказилган ва психологик хизмат кўрсатиш ташкил этилган.
Ҳолат юзасидан тайинланган экспертиза натижалари ҳам кутилмоқда. Экспертиза хулосаси олингач, унинг натижаларидан келиб чиқиб қўшимча чоралар белгиланади.








