Суюлтирилган газ тўлдириш чекланмайди: газ баллонларини қаерларда тўлдириш мумкин?
Маиший газ баллонларини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида тўлдириш хавфсизлик талабларига зид.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ ижтимоий тармоқларда тарқалган аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш, маиший газ баллонларини тўлдириш имкониятлари ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида баллонларни тўлдириш учун жавобгарлик белгилангани юзасидан билдирилган фикрларга расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, жорий йилнинг 2 ноябрь куни қабул қилинган ЎРҚ-1186-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритилди ва транспорт воситаларига газ қуйиш шохобчаларидан газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш уçун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ушбу норма 2027 йилнинг 5 февралидан амалий кучга киради.
Норма эҳтиёт чораларини кўриш ва хавфсизлик талабларига риоя қилиш мақсадида қабул қилинган бўлиб, бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарорида ва Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг 674-бандида ҳам қайд этилган.
Ушбу норма муносабати билан, эндиликда аҳоли маиший газ баллонларини республика бўйича кенг йўлга қўйилган «LPG-Trade» МЧЖ тасарруфида бўлмаган, тегишли талабларга жавоб берадиган ва белгиланган тартибдаги рухсатга эга махсус газ тўлдириш станциялари (GTS) ҳамда шохобчалари (GTSH)да амалга ошириши мумкин. Уларнинг сони республикамиз бўйлаб жами 360 тага етган бўлиб, мустақил юридик шахслар томонидан фаолият юритади.








