Ўзбекистонда 12 йиллик таълимга ўтиш: қонун лойиҳаси Сенатга юборилди
Бир йиллик мактабга тайёрлов мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгиланиши мумкин.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мактабгача ва мактаб таълими тизимлари интеграциясини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди.
Ҳужжат билан бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилаш таклиф этилмоқда. Бу орқали таълим тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш кўзда тутилган.
Лойиҳа асосида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Унга кўра, бир йиллик мажбурий тайёрлов машғулотлари мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида ташкил этилиши, болаларнинг ушбу тайёрловдан ўтиш ҳуқуқи кафолатланиши назарда тутилган.
Қонун лойиҳаси мактабгача ва мактаб таълими ўртасидаги узвийликни таъминлаш, болаларни мактабга тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда фуқароларга хорижий давлатларда ўқишни давом эттириш учун қулай шароит яратишга қаратилган.








