“Бу синов эди”: Иркутскда ўлат хавфи бўйича текширув якунланди
Расмийлар ўлат тарқалгани ҳақидаги хавотирларни тасдиқловчи ҳолатлар аниқланмаганини билдирди.

Россиянинг Иркутск вилоятида ўлатга қарши илмий-тадқиқот институти ходимаси Даря Шипилованинг ўлимидан кейин бошланган профилактик тадбирлар якунланди. Вилоят губернатори Игор Кобзевнинг маълум қилишича, 28 ёшли аёл шифохонадан ташқарида орттирилган пневмониядан вафот этган. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.
Кобзевнинг сўзларига кўра, мутахассислар институт фаолиятини текширган ва патоген микроорганизмлар билан ишлашда фавқулодда ҳолатлар аниқланмаган. Марҳума билан алоқада бўлган барча шахслар тиббий кузатувдан ўтказилган, уларда касаллик белгилари қайд этилмаган.
Губернатор Иркутск ва Шелехов шаҳарларидаги санитария-эпидемиологик вазият барқарор эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, юзага келган вазият мутахассислар учун синов бўлган, бироқ улар вазиятни муносиб тарзда бошқарган.
Россиянинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилувчи Роспотребнадзор идораси ҳам вилоятда аҳоли саломатлигига таҳдид аниқланмаганини билдирган.
Даря Шипилова 2 октябрга ўтар кечаси Иркутск яқинидаги Шелехов шаҳрида вафот этган. Шундан сўнг у билан алоқада бўлган қарийб 200 киши карантинга олинган. Айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда аёл ўлат, жумладан, ўпка ўлати билан касаллангани ҳақида тахминлар тарқалган.
Бироқ Роспотребнадзор дастлаб унинг ўлими сабабини номаълум этиологияли пневмония деб кўрсатган. Кейинчалик вилоят губернатори аёл шифохонадан ташқарида орттирилган пневмониядан вафот этганини маълум қилган.







