Қурол ишлаб чиқариш 2,5 баравар ошди: Эрон узоқ урушга тайёрлигини билдирди
Теҳрон ортиқча ҳарбий маҳсулотларни экспорт қилишни ҳам режалаштирмоқда.

Эрон узоқ давом этадиган уруш учун етарли миқдорда қурол ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ҳақда Эрон Мудофаа вазирлиги вакили Реза Талаэй-Ник давлат телевидениесига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШга қарши ҳарбий операциялар давомида қурол ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 баравар ошган. Шунингдек, мамлакатда ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш узлуксиз давом этишини таъминлаш мақсадида захира ишлаб чиқариш майдонлари олдиндан тайёрланган.
Талаэй-Никнинг таъкидлашича, қарийб 9 мингта компания ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнига ихтиёрий равишда қўшилган.
Унинг қайд этишича, Эрон Мудофаа вазирлиги мутахассислари ракета тизимлари, учувчисиз учиш аппаратлари, денгиз ва ҳаво кучлари билан ҳамкорликда қурол-яроғ ва ҳарбий техникани модернизация қилмоқда. Бунда жанговар тажрибадан фойдаланилиб, янги таҳдидларга қарши чоралар ишлаб чиқилмоқда.
Эрон мудофаа идораси вакили мамлакат аввало ўзининг ҳарбий эҳтиёжларини қондиришга устувор аҳамият беришини, шу билан бирга, ортиқча мудофаа маҳсулотларини экспорт қилишни ҳам режалаштираётганини билдирди.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаро тез орада ҳал қилинишини айтган эди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон энди Вашингтонга ядровий таҳдид солмайди.







