1,4 минг тонна газ қаерга кетган? “Ҳудудгазтаъминот” талон-торож ҳолатларини маълум қилди
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўтказилган текширувлар юзасидан 19 та жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10 626 дона маиший газ баллони талон-торож қилингани аниқланди. Ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 25 та материал юборилган ва улар асосида 19 та жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда «Ҳудудгазтаъминот» хабар берди.
Компания маълумотига кўра, айни пайтда республикада 3 миллион 730 мингдан ортиқ аҳоли хонадони ва қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланади.
Газ таъминотида барқарорлик ва молиявий шаффофликни ошириш, газни харид қилиш ҳамда тақсимлаш механизмларини такомиллаштириш мақсадида назорат чоралари амалга оширилмоқда.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ комплаенс назорат тузилмалари томонидан 2025 йил ва 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 3 мингдан ортиқ тўсатдан текширув ва рейд ўтказилган. Натижада жами 1 217 та қоидабузарлик аниқланган.
Шунингдек, суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ихтисослашган 471 та «бункер» аниқланиб, уларнинг фаолияти тўхтатилган.
Кўрилган чоралар натижасида қиймати тахминан 2 миллиард сўмлик 193,6 тонна суюлтирилган газ ҳамда умумий қиймати 8,7 миллиард сўмлик 17 301 дона маиший газ баллонининг ноқонуний сотилишига йўл қўйилмаган.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖ маълум қилишича, текширув ва рейдлар давом этмоқда. Аниқланган камчиликларнинг сабабларини ўрганиш, қонунбузарликларга ҳуқуқий баҳо бериш ва шу каби ҳолатларнинг такрорланишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.








