Ертўлада сақланган 5,6 млрд сўмлик дорилар: Наманганда яширин омбор фош этилди
Жами 67 923 дона дори процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Наманган вилоятида умумий қиймати тахминан 5,6 миллиард сўмга тенг бўлган дори воситалари сақланаётган яширин омбор фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Божхона ва Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида Уйчи туманида фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи хусусий корхона раҳбари ва унинг ишчиси бўлган, 1983 ва 1986 йилларда туғилган ака-укалар нотурар бинонинг ертўласида яширин омбор ташкил этгани аниқланган.
Омборни кўздан кечириш жараёнида хорижда ишлаб чиқарилган, келгусида сотиш учун сақланаётган 412 турдаги жами 67 923 дона дори воситаси топилган. Уларнинг умумий тахминий қиймати 5,6 миллиард сўмни ташкил этади. Дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда аниқланган дори воситалари юзасидан суд-кимёвий ва товаршунослик экспертизалари тайинланган. Ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








