Фарғонада 28 нафар боғча тарбияланувчиси касалхонага ётқизилди: озиқ-овқат намуналари текширилмоқда
Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган яна 23 нафарига уйда даволанишга рухсат берилган.

Фарғона шаҳридаги 2-, 7- ва 47-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари турли аломатлар билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. 2026 йил 26 октябрь соат 11:00 ҳолатига кўра, 28 нафар бола шифохонада даволанмоқда. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.
Болалар тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин соҳасидаги оғриқ, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетишидан шикоят қилган.
Дастлабки эпидемиологик суриштирув доирасида болалар истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар ўрганилмоқда. Шунингдек, маҳсулот етказиб берувчилар ҳам аниқланган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлардан лаборатория текширувлари учун намуналар олинган. Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари давом этмоқда.
Қўмита маълумотига кўра, шифохонада даволанаётган болаларнинг умумий аҳволи барқарор, оғир аҳволдаги беморлар йўқ. Тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган яна 23 нафар боланинг аҳволи қониқарли деб баҳоланиб, уларга тегишли тавсиялар берилган ва уй шароитида даволанишга рухсат этилган.
Болаларнинг касалланишига нима сабаб бўлгани лаборатория текширувлари ва эпидемиологик суриштирув якунлари асосида аниқланади.








