Ис газидан заҳарланиш хавфи: иситиш мавсумида қандай қоидаларга амал қилиш керак?
Энергетика вазирлиги иситиш мавсумида газдан хавфсиз фойдаланиш бўйича огоҳлантириш берди.

Ҳаво ҳароратининг пасайиши билан хонадонларда иситиш мосламаларидан фойдаланиш кўпаймоқда. Бироқ газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш, қўлбола ёки ностандарт иситиш қурилмаларини ишлатиш, шунингдек, уларни малакасиз мутахассисларга ўрнаттириш инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги огоҳлантирди.
Вазирлик маълумотига кўра, техник талабларга жавоб бермайдиган қозон ва иситиш мосламалари, нотўғри уланган дудбуронлар, носоз шамоллатиш каналлари ҳамда ҳимоя тизимларидаги камчиликлар ис газидан заҳарланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин.
Ис газининг рангсиз ва ҳидсиз эканлиги уни ўз вақтида аниқлашни қийинлаштиради. Шу боис иситиш мавсумида хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш муҳим.
Энергетика вазирлиги газ истеъмолчиларига қуйидагиларни тавсия қилади:
-
Фақат хавфсизлик талабларига жавоб берадиган, соз иситиш мосламаларидан фойдаланинг. Қўлбола, ностандарт ва носоз қурилмаларни ишлатмаслик;
-
Газ ускуналарини малакали мутахассисларга ўрнаттиринг ва техник ҳолатини мунтазам текширтириш;
-
Дудбурон ва мўрконларнинг созлигини назорат қилинг, уларни қурум ва бошқа тўсиқлардан тозалаб туриш;
-
Шамоллатиш каналларини беркитманг ва ҳаво алмашинуви тўғри ишлашига эътибор бериш;
-
Газ плитасидан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланмаслик;
-
Иситиш мосламаларини назоратсиз қолдирманг. Носозлик ёки газ ҳиди сезилса, тегишли хавфсизлик чораларини кўринг ва мутахассисларга мурожаат қилиш.
Ис газидан заҳарланишнинг дастлабки белгилари бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳолсизлик бўлиши мумкин. Бундай аломатлар пайдо бўлса, дарҳол тоза ҳавога чиқиш, хавфли ҳудуддаги бошқа одамларни ҳам олиб чиқиш ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш тавсия этилади.
Вазирлик иситиш мавсумида хавфсизлик қоидаларига бепарво бўлмаслик, газ ускуналари ва иситиш тизимларини соз ҳолатда сақлаш ҳамда ўз ва яқинлар ҳаётини хавф остига қўймасликка чақирди.








