Тўй учун қарзга ботмаслик, ёшларни гиёҳвандликдан асраш: Жиззахда медиа-тур ўтказилди
Унда исрофгарчиликнинг олдини олиш, ёшларни гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Матбуот хизмати ҳамда “Маҳалла медиа” МЧЖ ҳамкорлигида Жиззах шаҳрида ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани ва медиа-тур ташкил этилди.
Тадбирда тўй ва оилавий маросимларни ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, ёшларни гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш ҳамда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда тўй ва маросимларни миллий қадриятларга мос, ихчам ва мазмунли ташкил этиш оилаларни ортиқча харажатлар ва қарздорликдан асрашга хизмат қилиши таъкидланди. Тўйнинг қадри дабдаба ёки сарфланган маблағ билан эмас, балки эзгу ният, самимият ва яқинларнинг ҳамжиҳатлиги билан белгиланиши қайд этилди.
Шунингдек, ортиқча ҳашаматга интилиш ва бошқалардан қолишмаслик истаги айрим оилаларни молиявий қийинчиликларга дучор қилиши мумкинлиги айтилди. Бу борада маҳалла еттилиги, нуронийлар ва жамоатчилик вакилларининг аҳоли билан манзилли ишлаши, тежамкорлик маданиятини тарғиб қилиши муҳимлиги таъкидланди.

Матбуот анжуманидан сўнг журналистлар Жиззах шаҳридаги «Жиззахлик» ва «Маданият» маҳаллаларида бўлиб, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда ижтимоий муаммоларнинг олдини олишга қаратилган ишлар билан танишди.
«Жиззахлик» маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш борасидаги фаолиятга эътибор қаратилди.
«Маданият» маҳалласида эса гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларни зарарли одатлардан асраш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган профилактик ишлар намойиш этилди.

Мутахассислар гиёҳвандликка қарши курашишда нафақат унинг оқибатларини бартараф этиш, балки келиб чиқиш сабабларининг олдини олиш ҳам муҳимлигини қайд этди. Бунинг учун ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт, таълим ва касб-ҳунарга жалб қилиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ҳамда ота-оналар масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, Жиззах вилоятида профилактика инспекторлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Тадбир якунида тўй-маросимларда исрофгарчиликни камайтириш, ёшларни гиёҳвандликдан ҳимоя қилиш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлашда давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ота-оналарнинг ҳамкорлиги муҳим экани таъкидланди.








