Эрон Исроил сайловлари арафасида ҳужум уюштириши мумкин — Нетаняху
Исроил бош вазири эҳтимолий ҳужумга кучли жавоб қайтарилишини билдирди.

Бенямин Нетаняху Эрон ва у қўллаб-қувватлаётган кучлар мамлакатдаги парламент сайловларига халақит бериш мақсадида Исроилга ҳужум уюштиришга уриниши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, Исроил армияси мудофаа ва ҳужум ҳаракатларига тайёр.
Нетаняху бу ҳақда якшанба куни видеомурожаатида маълум қилган.
“Бизда Эрон ва у қўллаб-қувватлаётган кучлар сайловларни бузиш мақсадида бизга ҳужум қилишга уриниши мумкинлиги ҳақида разведка маълумотлари бор”, — деган Исроил бош вазири.
У эҳтимолий ҳужум содир этилган тақдирда, Исроил Эрон ва унинг иттифоқчиларига кучли жавоб зарбаси беришини билдирган.
“Уларга тасаввур қилганингиздан ҳам кучлироқ, номутаносиб зарбалар берилади”, — дея огоҳлантирган Нетаняху.
Жума куни Исроил армияси бош штаби раҳбари, генерал-лейтенант Эял Замир парламент сайловлари олдидан Эронга зарбаларни қайта бошлаш учун ҳозирча операцион зарурат йўқлигини айтган. Шу билан бирга, у зарба бериш зарур деб топилса, армия буни амалга оширишини таъкидлаган.
Исроил 27 октябрга белгиланган Кнессет — парламент сайловлари арафасида жанговар тайёргарлик даражасини оширган. Сайлов натижаларига кўра, мамлакатнинг навбатдаги ҳукумати шакллантирилади.
Нетаняхунинг баёноти АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ва дипломатик ходимларини босқичма-босқич эвакуация қилаётгани ҳақидаги хабарлар фонида янграган.








