Президент V ёзги Параосиё ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларига табрик йўллади
Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг ота-оналари ва мураббийларига ҳам миннатдорлик билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёев Японияда ўтказилган V ёзги Параосиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчилар, уларнинг мураббийлари ва ота-оналарини табриклади. Президент табригида делегация эришган натижаларни мамлакат спорти тарихидаги тарихий ғалаба деб атади.
Ўзбекистон спортчилари мусобақада 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза — жами 145 та медални қўлга киритди. Натижада мамлакат делегацияси умумжамоа ҳисобида Хитой ва Япониядан кейин учинчи ўринни эгаллади.
Давлат раҳбари спортчилар Осиёнинг 45 та давлатидан 2 600 нафардан зиёд пара спортчи қатнашган мусобақада юксак маҳорат ва матонат кўрсатганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари жаҳон, Осиё ва Параосиё ўйинлари рекордларини янгилаганини қайд этди.
Президент, айниқса, Ўзбекистон делегацияси қўлга киритган олтин медалларнинг тенг ярми аёл спортчилар ҳиссасига тўғри келганини алоҳида таъкидлади.
Табрикда пауэрлифтингчи Рўза Қўзиева жаҳон рекордини ўрнатгани, пара сузувчи Егор Болотов илк Параосиё ўйинларидаги иштирокидаёқ тўртта олтин ва битта кумуш медални қўлга киритгани қайд этилди. Шунингдек, 15 ёшли пара велоспортчи Бобурбек Тоштемиров Ўзбекистоннинг Параосиё ўйинларидаги илк олтин медалини қўлга киритиб, мусобақанинг энг ёш чемпиони сифатида тарихга киргани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев спортчиларнинг муваффақиятларини уларнинг тинимсиз меҳнати, мустаҳкам иродаси ва мамлакатда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган тизимли ишлар натижаси деб баҳолади. Давлат раҳбари спортчиларнинг ота-оналари ва мураббийларига ҳам миннатдорлик билдирди.
Президентнинг таъкидлашича, Японияда эришилган натижалар ва тўпланган тажриба 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик учун мустаҳкам замин яратади.








