Инфаркт ва инсультдан эрта ўлим 15 фоизга камайди: дастур барча ҳудудларни қамраб олади
Ўзбекистонда ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш дастури 2028 йилдан барча ҳудудларда жорий этилади.

Шавкат Мирзиёев ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш ишлари Самарқанддан бошланишини, 2028 йилдан эса мамлакатнинг барча ҳудудларида жорий этилишини маълум қилди. Ушбу мақсадлар учун йилига 700 миллиард сўм ажратилади.
Қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ва болалардаги онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш дастурлари ҳам давом эттирилади.
Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида инфаркт ҳамда инсультни эрта аниқлаш ва даволаш дастури натижасида ушбу касалликлардан эрта ўлим ҳолатлари беш ойда 15 фоизга камайган. Касаллик бошланганидан кейинги “олтин соат”да 855 нафар инсон эрта ўлим ва ногиронлик асоратларидан сақлаб қолинган.
Келаси йили ушбу дастур учун 280 миллиард сўм ажратилиб, у барча туман ва шаҳарларни қамраб олади.
Аҳоли учун кафолатланган тиббий хизматлар пакети ҳам кенгайтирилади. Келаси йили бепул бериладиган дори воситалари турлари 73 тага, тиббий текширувлар турлари эса 36 тага етказилади.
Шунингдек, таълим, тиббиёт муассасаларидаги қурилиш, санитария-гигиена, беморлар хавфсизлиги ва ходимлар маданиятини қамраб олувчи “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари” жорий этилади.
“Ҳар қандай инсон поликлиникага кирганда, аввало, озодаликни, тартибни, маданиятни кўриши керак”, — деди давлат раҳбари.
Шу мақсадда бирламчи тиббий ёрдам бўғини ходимлари босқичма-босқич махсус кийим-бош билан бепул таъминланади.
Жорий йилда илк бор туман миқёсидаги энг яхши шифокор ва ҳамшира номинациялари бўйича вилоят танловлари ўтказилмоқда. Ғолиблар 30 миллион сўмдан мукофотланади.
Келаси йилдан рағбатлантириш чоралари янада кучайтирилади. Вилоят босқичида ғолиб бўлган 14 нафар шифокор электромобил билан тақдирланади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи энг яхши 10 та лойиҳа муаллифига эса 200 миллион сўмдан грант берилади.








