Тиббиётда янги босқич: Ўзбекистонда 58 мингта шифо ўрни яратилди
Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижаларини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда соҳа вакилларини яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклаб, уларнинг меҳнати учун миннатдорлик билдирди.
“Инсон оиласининг бахтини кўриши, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиши ва умрини мазмунли ўтказиши учун, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз”, — деди Президент.
Таъкидланишича, сўнгги ўн йилда мамлакатда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга туширилиб, 58 мингта шифо ўрни яратилди. Замонавий шифохоналар сонининг кўпайиши ва хусусий секторга кенг имкониятлар берилиши натижасида тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди.
Аввал хорижда амалга оширилган туғма юрак нуқсонларини даволаш, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб операциялар каби юздан ортиқ турдаги тиббий хизматлар бугун Ўзбекистонда ҳам кўрсатилмоқда.
Президент бу натижаларга эришишда тиббиёт ходимларининг билим ва маҳорати муҳим ўрин тутаётганини қайд этди.
Учрашувда тиббиётни рақамлаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу жараён хусусий клиникалар ва дорихоналарни ҳам қамраб олмоқда. Яқин вақт ичида тизим сунъий интеллект имкониятлари билан бойитилиб, шифокор ва ҳамширалар фаолиятига кўмак бериши режалаштирилган.
Фармацевтика соҳасида эса мамлакат эҳтиёжининг 70 фоизини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган. Шу йўналишда сўнгги йилларда 1 миллиард долларлик 330 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди.
Шунингдек, “Тошкент биофарм сити” кластери ҳамда Андижон, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ташкил этилган. Уларда умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.








