Эскалатор зудлик билан тўхтатилди: бунга сабаб пойабзал боғичи
“Пахтакор” ва “Алишер Навоий” метро бекатлари орасидаги ўтиш йўлагида эскалатор вақтинча тўхтатилган.

26 октябрь куни “Пахтакор” ва “Алишер Навоий” метро бекатларини боғловчи ўтиш йўлагидаги эскалатор йўловчининг пойабзал боғичи тиқилиб қолиши сабаб вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” АЖ маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса соат 18:32 ларда юз берган. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида эскалатор зудлик билан тўхтатилган. Зарур чоралар кўрилгач, эскалатор икки дақиқа ичида қайта ишга туширилган.
Метрополитен маъмурияти йўловчиларни эскалатордан фойдаланиш қоидаларига риоя қилишга, ҳаракатланиш вақтида эҳтиёткор бўлишга, пойабзал боғичлари ва кийим-кечакларига эътибор беришга чақирди.








