Прокуратурага 299 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди: қарийб 56 минг фуқаронинг ҳуқуқи тикланди
Прокуратурага энг кўп мурожаатлар тергов ва суриштирув, ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда суд ҳужжатлари ижроси юзасидан келиб тушган.

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида прокуратура органлари томонидан 55 898 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Ҳисобот даврида фуқаролар ва ташкилотлардан жами 299 649 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Бош прокуратура Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Муродилжон Мўминов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 178 493 таси ёки 59,5 фоизи бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилган. Шулардан 50 087 таси қаноатлантирилган, 126 058 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган 142 884 та мурожаатнинг 119 690 таси прокуратура органларида кўриб чиқилган. Уларнинг 30 326 таси қаноатлантирилган, 84 652 таси бўйича тушунтириш берилган.
Ҳисобот даврида прокуратура ходимлари жами 220 240 нафар фуқарони қабул қилган. Шундан 60 371 нафари сайёр ва оммавий қабулларда қабул қилинган. Бош прокурор ва унинг ўринбосарлари эса 182 нафар фуқаро ҳамда юридик шахслар вакиллари билан учрашган.
Ижтимоий-иқтисодий аҳволи нисбатан оғир бўлган 5 038 та маҳаллада сайёр қабуллар ўтказилган. Уларда келиб тушган мурожаатларнинг 13 548 таси ёки 48,1 фоизи жойида ижобий ҳал этилган.
Прокуратура органларига келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми қуйидаги масалаларга тааллуқли бўлган:
-
ички ишлар органларидаги терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов масалалари — 45 313 та;
-
ижтимоий-иқтисодий масалалар, жумладан, моддий ёрдам, нафақа, бола пули, тиббий хизмат ва банк кредитлари — 39 042 та;
-
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси, жумладан, алимент ундириш ҳамда Мажбурий ижро бюроси ходимларининг ҳаракатлари — 21 257 та.
Айрим йўналишларда мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошган. Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича суд қарорларига оид мурожаатлар 2 199 тага, жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига доир мурожаатлар эса 1 144 тага кўпайган.
Тўққиз ой давомида жами 3 636 та такрорий мурожаат келиб тушган. Уларнинг кўпи суд ҳужжатлари ижроси ва алимент ундириш, ички ишлар органларидаги тергов жараёнлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий масалаларга тегишли бўлган.
Прокуратура органлари ўтказган ўрганишлар натижасида қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жами 1 508 та прокурор назорати ҳужжати қўлланилган. Жумладан, тегишли ташкилотларга 116 та тақдимнома киритилган, ноқонуний ҳужжатларни бекор қилиш бўйича 434 та протест билдирилган.
Шунингдек, 321 нафар шахс интизомий, маъмурий ёки моддий жавобгарликка тортилган, 222 нафар мансабдор шахс қонунбузилишларга йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилган.
Етказилган зарарни ундириш мақсадида судларга жами 25,6 миллиард сўмлик 177 та даъво аризаси киритилган. Бундан ташқари, 7,9 миллиард сўм миқдоридаги зарар ихтиёрий равишда ундирилиши таъминланган.








