Ўзбекистонга тижорат сафарлари кўпайди: афғонистонликлар етакчи
Тўққиз ой давомида Афғонистондан 323 660 нафар фуқаро келган.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 357,5 минг нафар чет эл фуқароси Ўзбекистонга тижорат мақсадида ташриф буюрди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 34,8 минг нафарга ёки 10,8 фоизга ошган. Тижорат мақсадида Ўзбекистонга келган хорижликлар орасида Афғонистон фуқаролари энг катта улушни ташкил этмоқда. Тўққиз ой давомида ушбу мамлакатдан 323 660 нафар фуқаро келган.
Кейинги ўринларда Туркманистон ва Тожикистон қайд этилган. Ушбу мамлакатлардан мос равишда 24 196 ва 6 412 нафар фуқаро тижорат мақсадида Ўзбекистонга келган.
Шунингдек, ҳисобот даврида Қирғиз Республикасидан 695 нафар, Қозоғистондан 629 нафар, Россиядан 370 нафар ва Туркиядан 346 нафар фуқаро ташриф буюрган. Бошқа давлатлардан келганлар сони эса 1 150 нафарни ташкил этган.








