64 мингUSDTлик лицензиясиз крипто-савдо: талаба устидан жиноят иши қўзғатилди
У крипто-савдо билан бирга Теlegram орқали 140 та хорижий виртуал телефон рақамини сотган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ноқонуний крипто-активлар айланмаси билан шуғулланган шахсни аниқлади.
Маълум қилинишича, Тошкент туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган фуқаро 2025 йил декабридан 2026 йил октябригача «Bitget» крипто-биржаси платформасида лицензиясиз фаолият юритган. У турли транзакциялар орқали жами 64 715 USDТ миқдоридаги крипто-активлар олди-сотдисини амалга оширган.
Шунингдек, мазкур шахс «Теlegram» мессенжери орқали хорижий давлатларнинг 140 та виртуал телефон рақамини сотиш билан ҳам шуғуллангани аниқланган. Унинг крипто-ҳамёнида 450 USDT мавжудлиги ҳам қайд этилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








