Фарғонада МИБ орқали болалар она бағрига қайтди
Маълум бўлишича, 11 ва 7 ёшли икки қизалоқ узоқ вақт онасидан алоҳида яшаган.

Мажбурий ижро бюроси Риштон туман бўлими ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 11 ва 7 ёшли икки қизалоқ узоқ айрилиқдан сўнг онаси бағрига қайтарилди.
Бюро фаолиятида мулкий ва номулкий тусдаги турли ижро ҳужжатлари мавжуд. Аммо улар орасида фарзандни ота ёки онасига қайтариш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари борки, уларни ижро этиш нафақат ҳуқуқий билим ва масъулиятни, балки катта сабр, эҳтиёткорлик ва нозик ёндашувни ҳам талаб қилади.
Зеро, пул қарзини ундириш ёки мол-мулкни қайтариш мумкин. Аммо боланинг қалби, унинг ҳис-туйғулари ва руҳий кечинмаларига келганда, ҳар бир қадамни ўйлаб босиш зарур.
Чунки бола учун ота ҳам азиз, она ҳам қадрли. Уларнинг қай бири билан яшашидан қатъи назар, бола қалбида ҳар иккисига нисбатан меҳр ва соғинч бўлиши табиий. Шу боис бундай ижро жараёнларида боланинг энг аввало қонуний ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва руҳий ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш муҳим.
Риштон туманидаги мазкур ҳолатда ҳам Бюро ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида икки қизалоқ онаси бағрига қайтарилди.
Икки қизалоқ учун она бағри яна меҳр масканига айлансин. Қалбларидаги соғинч ўрнини қувонч, кўзларидаги мунг ўрнини эса табассум эгалласин!
Зеро, ижронинг энг катта натижаси — ҳужжатнинг бажарилиши эмас, балки қонун устуворлиги таъминланган ҳолда боланинг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишидир.







